9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Нуронийси бор хонадоннинг файзи бўлакча. Дастурхони тўрида кексаси ўтирган уйни фариштали дейишади. Бундай рўзғорда ҳамма бир-бирига ширинсўз бўлади. Меҳр-оқибат кўтарилмаган жойда эса ҳамиша қут-барака бўлади.
Ҳаётнинг шу қонунияти ҳамма жойда соат милларидек тўғри ишлашига яна бир карра амин бўлдик.
Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпитали. Шу кунларда бу муассасада бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари даволанмоқда. Улар жойлашган қаватда юқорида айтганимиз – файзли манзара ҳукмрон. Бу ҳақда бироз кейин батафсил тўхталамиз.
Юртда байрам шукуҳи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига биноан иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига йигирма миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилмоқда.
Шонли байрам – 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 79 йиллиги муносабати халқимизга давлат раҳбарининг байрам табриги йўлланди. Жойларда турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Нуронийлар ҳолидан хабар олиниб, ҳурмат-иззат қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда юртда байрам шукуҳи.
Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталида иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Ускан ота Хаджиманов, Файзулла ота Нурматов, Анарбой ота Жалилов, Муҳиддин ота Дусанбаев даволанмоқда.
8 май куни Президент Шавкат Мирзиёев уларнинг ҳолидан хабар олди, байрам билан табриклади.
Президент ташрифидан сўнг отахонлар, уларни даволаётган шифокорлар билан суҳбатлашдик.
– Муассасамизда барча шароит бор, – дейди госпиталь бошлиғи, тиббий хизмат полковниги Худойқул Раҳимқулов. – Президентимиз ташаббуси билан госпиталь мукаммал таъмирланиб ва янги бинолар қурилди. Икки йил олдин фойдаланишга топширилган. Етти юз ўринга мўлжалланган шифо масканимизда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари бепул даволанади. Бунинг учун 286 хил диагностик текширув, 600 дан ортиқ амалиётлар йўлга қўйилган. Ўттизга яқин ихтисослашган бўлимлар ташкил этилган. Бу имкониятлардан ҳар йили бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳам фойдаланади. Уларга стационар шароитда даволанишлари учун имконият яратилган. Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган юз нафардан зиёд фахрийлар ҳам навбатма-навбат даволанмоқда.
Бугун Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатганлар давлатнинг, элнинг эътиборида. Ғамхўрликни ҳис қилиш инсонга қувват бўлади. Уларнинг саломатликлари туман тиббиёт бирлашмасининг доимий назоратида. Бепул дори-дармон, санаторийларга йўлланмалар берилади.
Дуо билан эл кўкарар
У ўшанда йигирмада эди. Шу ёшида нималарни кўрмади?! Кўрсатилган жасоратни ҳеч бир мезон билан ўлчаб бўлмас эди. У ғалабани – 9 майни Берлинда нишонлади.
Бу ҳикоя тарихдаги энг даҳшатли урушда қаҳрамонлик кўрсатган, инсониятни фашизм балосидан сақлаб қолишга ҳисса қўшганлардан бири – юртимиз ўғлони Муҳиддин ота Дусанбаев ҳақида. Ёдга олинган воқеаларга 79 йил бўлибди, лекин ўша даврлардаги азоб-уқубатлар ёддан чиққани йўқ.
– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди Муҳиддин ота. – Бундай ғамхўрликдан кўнгил боладай эркалик қилгиси келади. Мана даволаниб ётибмиз, шифокорлар парвона. Қўни-қўшни, ҳокимият вакиллари сўраб туради. Эшикдан Президент кириб келса-ю, саломатмисиз, нима ёрдам керак деб сўраса куч-қувватга тўлиб кетаркансан, болам. Омон бўлсинлар! Жанг майдонида ўнг елкамдан ўқ еб, ярадор бўлганимда жуда ёш эдим. Ўша пайтларни одам эслагиси келмайди. Тинчликнинг, мана бундай ўзгаришларнинг қадрига етинглар деб гапираманда. Шукр қилиш, юртга яхшиликлар сўраб дуо қилиш қандай ёқимли.
Муҳиддин ота урушдан кейин Германияни қайта қуришда қатнашиб, 1950 йилда юртга қайтган. Кейинчалик собиқ Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг Агрономия факультетида таҳсил олган. Тошкент вилоятидаги Ўртасарой колхозида кўп йиллар раис бўлиб ишлаган. Турмуш ўртоғи Меҳринисо ая билан олти нафар фарзандни тарбиялади. Бугун улар невара-эваралар ардоғида. Отахонни бугунги кунда ўртачирчиқликларнинг кўпчилиги яхши танийди. Бир суҳбатини олайлик, дуо қилиб қўйсинлар, деб йўқловчилар кўп.
Файзулла ота Нурматов 104 ёшда. У Оққўрғон тумани Фидойилар кўчасидаги хонадонлардан бирида яшайди. Турмуш ўртоғи Шарофат ая Нурматова билан етти фарзандни тарбиялади.
– Урушдан келиб, Ғаллаоролнинг яйловларида чорвачилик қилганман, – дейди Файзулла ота. – Кейин Оққўрғон туманига кўчиб келиб, кўп йиллар совхозда ишлаганман. Бугунги кунларга етказганига шукр қиламан, ҳозир 36 невара, 42 нафар эвара ва чевараларим бор. Ҳамма уйга йиғилса тўй бўлиб кетади, шовқин-сурон, ўйин-кулги авжига чиқади. Уруш йилларидаги шовқинни, дод-фарёдларни ҳам эшитган одамман. Бугунги кунимизнинг оҳанглари, кичкинтойларнинг қийқириқлари, мана шундай бахтиёрлигимиз абадий бўлсин. Невараларим орасида хориждаги университетларда ўқиётганлари, тажриба орттириб келаётганлари бор. Уларга ҳавасим келади. Ўқинглар, изланинглар, Ватанни юксакларга кўтаринглар дейман. Президент биздек кексаларнинг ҳам, навқирон авлоднинг ҳам ёнида мен борман деб турибди. Нима ёрдам, қандай масалани ҳал қилиш керак деяпти. Бу сўровдан куч олмай бўладими?!
Шу кунларда Марказий ҳарбий клиник госпитал йўлакларининг файзи бўлакча. Ишонинг, бугун касалхонага ўхшамайди бу ер. Бу даргоҳни ўтмишдан сабоқ сўзлаётган ҳаёт мактабига менгзагим келяпти. Киши беихтиёр аср билан тенглашиб, ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини кўрган бу инсонларнинг суҳбатини олгиси келаверади.
Суҳбат асносида уларни боладай асрайсан. Кўп гапга солиб толиқтириб қўймасмиканман деган хаёлга борасан. Гурунгга тўймай, яна учрашишни кўнгилга туйиб хайрлашасан.
Тилга эзгу калом келади. Отажонлар, умрларингиз узоқ бўлсин!
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири