Ватан озодлиги, ҳозирги тинч-омон кунлар учун жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, бугунги кунда эл ардоғида умргузаронлик қилаётган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш юртимизда эзгу анъанага айланган. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушидаги ота-боболаримизнинг жасорати, матонати том маънода бугунги авлодлар учун ибрат намунасидир.
Фарғона вилоятида бугунги кунда 11 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшайди. Давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони уруш қатнашчиларининг кўнглини тоғдек кўтариб, уларга янада куч-қувват бағишламоқда. Айни кунларда Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг ҳолидан хабар олиниб, уларга Президентимизнинг байрам табриги, 20 миллион сўмдан пул мукофотлари, совғалар топширилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Ойбек Саидов, вилоят мудофаа ва хавфсизлик тизимлари раҳбарлари, вилоят секторлари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари биргаликда Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан Фарғона шаҳрида яшовчи Татьяна Усманова, Фарғона туманида яшовчи Турсунбек ота Исанбеков ҳамда Тошлоқ туманида яшовчи Одилжон ота Зокиров хонадонларида бўлишиб, фахрийларни ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан табрикладилар, давлатимиз раҳбарининг табриги ўқиб эшиттирилиб, пул мукофотлари, совғалар топширилди.
[gallery-17334]
102 ёшни қаршилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Татьяна Усманова вилоят раҳбарларини очиқ чеҳра билан кутиб олди. Онахон кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканини қайта-қайта таъкидлади.
Турсунбек ота Исанбеков Хонқиз қишлоғида яшайди. Бу йил 98 ёшни қарши олди. Ҳозир фарзандлари, набиралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Одилжон ота Зокиров 101 ёшни қаршилади. Турмуш ўртоғи билан 4 ўғил ва 6 қизни вояга етказиб, уларни жамиятга манфаат келтирадиган инсон сифатида тарбияладилар. Ҳозир 200 дан ортиқ набира, чевара ва эвараларнинг дуогўйи бўлиб, доим ардоқда.
Суҳбат давомида фахрийлар уруш хотиралари, ўтган даврларнинг қийинчиликлари, ҳаёт тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди. Бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш кераклигини такрор- такрор таъкидладилар. Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик учун миннатдорчилик изҳор қилдилар.
Мустақиллигимиз, юртимизда тинчлик-осойишталик бардавом бўлишини, оилаларда барака, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилинди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА мухбирлари