Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Самарқанд ва Наманган шаҳарларини “миллионли шаҳар” мақомига айлантириш, шу орқали ҳудуд инфратузилмаси ҳамда туризмни ривожлантириш борасида топшириқлар юклатилган эди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Наманган шаҳрининг маркази ҳисобланган “Соҳил бўйи”да “Namangan/TXT group” компанияси томонидан хорижий инвесторлар ҳамкорлигида 75 миллион доллар инвестиция маблағи ҳисобидан замонавий “Central avenue” турар-жой мажмуаси қуриш ишлари бошланди. Ушбу йирик мажмуа Европа бренди остида беш юлдузли меҳмонхона, ер ости автотураргоҳига эга пастки қаватларида нотурар, савдо-маиший хизмат кўрсатиш объектлари бўлган бешта 20 ва 16 қаватли турар-жой мажмуаси, “пент-хаус”, болалар ўйингоҳи, футбол майдончаси, пиёдалар йўлаги, фаввора ва “Яшил ҳудуд”дан иборат бўлади.
Замонавий турар-жой мажмуаси қурилиши жараёни билан танишган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бир гуруҳ нуронийлар билан суҳбатлашиб, “Бир миллионли шаҳар” мақомига яраша бу каби бунёдкорликлар изчил давом эттирилишини таъкидлади. Жонлиқ сўйилиб, хайрли ишларга муваффақият тилаб, дуога қўл очилди.
Маълумот ўрнида, йирик лойиҳани амалга ошириш жараёнида қурилиш ишларида 300 дан зиёд одам бандлиги таъминланади. Лойиҳа якунлангандан сўнг янги тадбиркорлик субъектлари ва 500 дан ортиқ янги иш ўринлари юзага келади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.