Ўтган ҳафта Тошкент хорижлик йирик ишбилармонлар, тадбиркорлар, йирик ташкилот, корхоналар раҳбарлари билан гавжум бўлди. 2-3 май кунлари пойтахтимизда бутун дунё эътиборидаги муҳим ҳодиса– учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Анжуманда иштирок этиш учун юзга яқин мамлакатдан 2 500 дан зиёд делегат юртимизга ташриф буюрди. Том маънодаги улкан тадбир глобал мулоқот қилиш, инвестиция соҳасида илғор тажриба билан ўртоқлашиш майдонига айланди.
Дастурдаги энг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси Бош вазирлари иштирокида минтақавий энергетика лойиҳалари (Қамбарота ГЕС-1 ва Ёвон ГЕС қуриш)нинг хорижий инвесторларга тақдим этилиши бўлди.
Эътиборли жиҳати, форумни бутун дунё ОАВ – 110 мамлакатдан ҳамкасбларимиз, жумладан дунёнинг етакчи нашрлари сифатида эътироф этиладиган “CNN”, “Euronews”, “London Post”, ва “Associated Press” ёритиб борди.
– Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида кўп эшитгандим, бу йил иштирок этиш менга ҳам насиб қилди, – дейди “London Post” нашри мухбири Раза Саид. – Анжуман давомида ОАВ вакиллари учун қулай шароит яратиб берилди. Хабарлар – матн, видео ва суратларни тезкорлик билан нашрларимизда ёритиб бордик. Юртингизга келиб, Тошкент жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлдим. Ўйлайманки, келгусида мамлакатингиз Марказий Осиёдаги етакчи давлатга айланади. Бунинг учун салоҳият етарли.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2023 йил ТХИФда 11 миллиард долларлик 167 ҳужжат имзоланган. Жорий йил эса жами қиймати 26,6 миллиардга тенг келишувлар имзоланди. Масалан, Саудия Aрабистони “Data Volt” компанияси билан “Янги Тошкент”да шаҳар инфратузилмасини барпо этиш бўйича 1 миллиард долларлик, яшил технологияга асосланган “маълумот маркази” яратиш учун 3 миллиард долларлик лойиҳалар келишиб олинди. “Acwa Power” кўмагида Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 5 ГВт шамол электр станцияси ҳамда 2 ГВтлик электр энергиясини сақлаш қурилмаси қад кўтаради. Бу ташаббусни амалга ошириш учун 6,2 миллиард долларлик йирик инвестиция лойиҳаси бўйича ҳужжат имзоланди.
БАА “Amea Power” компанияси билан Қорақалпоғистонда 1000 МВт қувватли шамол электр станцияси қуриш, “Saudi Tabrid” ёрдамида Нукус, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида иссиқлик тизимини модернизация қилиш, Мисрнинг “Nil Shugar” компанияси билан Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш, Хитойнинг “Shaynxay Knud Interneshnl” корпорацияси бошчилигида Наманган вилоятида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Сингапурнинг “Vilmar Interneshnl” компанияси билан эса Тошкент вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва учун озуқа ишлаб чиқариш мақсадларини кўзлаган йирик лойиҳавий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бундан ташқари Мисрнинг “Oraskom Investment”, Венгриянинг “Bonafarm Grup” АҚШнинг “Sayar”, Хитойнинг “Goldvind”, “Sinoma”, Туркиянинг “Sam Yapi” Озарбайжоннинг “Pasha Development”, Австриянинг “Laselsberger”, Эроннинг “Petrosat Chexelsoton” сингари қатор йирик компаниялар билан қиймати жами 6,6 миллиард долларга тенг янги инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
– Ўзбекистон яшил энергетика соҳасида эришаётган муваффақият иқтисодиётнинг барча тармоқларига ижобий таъсир кўрсатмоқда, – дейди “ACWA Power” бош директори Марко Арчелли. – Муайян давлатнинг яшил энергетикани ривожлантириш бўйича аниқ тасаввурга эгалиги, очиқ ва конструктив мулоқотга тайёрлиги биз учун доим муҳим. Бу жараёнда ҳар қандай қарор тез қабул қилинади. Форум доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорликда йирик инвестиция лойиҳалари юзасидан келишиб олдик. Бу икки мамлакат учун ҳам манфаатли.
Тадбир иқтисодиётнинг энг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинган йиғилишлар, давра суҳбатларига бой бўлди. Айниқса, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда давлат, инвестор ва тадбиркорлар роли асосий мавзуга айланди.
Коррупцияга қарши кураш сиёсати бўйича етакчи экспертлар иқтисодий жиноятчиликка қарши самарали курашиш сармоявий муҳитни яхшилаш учун зарурлиги, хавфсиз ва шаффоф ишбилармонлик муҳити яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Aкмал Бурхоновнинг сўзларига кўра, ушбу иллатга нисбатан қатъий муносабат комплекс ёндашувни, жумладан қонунчиликни мустаҳкамлаш, давлат фаолияти шаффофлигини таъминлашни тақозо этади.
Aёллар тадбиркорлигига бағишланган давра суҳбатида тадбиркор аёлларнинг жамиятга таъсири жиддийлиги қайд этилди. Маърузачилар даромад ва ижтимоий масъулият ўртасида мувозанатга эришиш учун илҳомлантирувчи мисоллар, стратегияларни тақдим этди.
Шунингдек, форум давомида рақамли технологияларни инвестиция стратегияларига интеграция қилиш муҳимлигига ҳам эътибор қаратилди.
– Рақамлаштириш келажак эмас, балки ҳозирги замон унсури сифатида инвестиция жараёнини тезлаштиради, шаффофликни оширишда асосий роль ўйнайди, – дея таъкидлайди молиявий технология экспертлари.
Тадбирнинг яна бир муҳим мавзуси IT соҳасига бағишланди. “IT-PARK Uzbekistan: янги ривожланиш истиқболи” мавзусидаги питч-сессияда Ўзбекистонни 2030 йилгача минтақавий ахборот технологиялари марказига айлантириш режаси тақдим этилди. Бу тақдимот кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов сўнгги инвестицияларнинг аҳамияти билан таништирди: Мамлакатимизда IT-компаниялар учун қулай муҳит яратилган, Ўзбекистонда идорани очиш ва бошқариш билан боғлиқ ҳар қандай хавфни қоплаш учун “Nol risk” дастури ишга туширилмоқда.
“Интеграциялашган шаҳарсозлик: сифатли инвестиция, атроф-муҳит ва одамлар учун қулайлик” мавзусидаги давра суҳбатида етакчи урбанистлар, меъморлар, ишбилармон доира вакиллари Тошкент шаҳрини ривожлантиришга ёндашувни муҳокама қилдилар. Хусусан, BCG бошқарувчи директори Владислав Бутенко барқарор шаҳар ривожланишига эришиш учун инновацион ечимни шаҳарсозликка интеграция қилиш муҳимлигини, комплекс режалаштиришда ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатларни ҳисобга олиш, бу борадаги мувозанатни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Тадбир турли вазирликлар, вилоятлар учун инвестиция жалб этишда муҳим аҳамият касб этди. Имзоланган келишувлар саноат, энергетика, фармацевтика, автомобилсозлик каби муҳим тармоқларни қамраб олган.
Рақамли технологиялар ва Энергетика вазирликлари ҳамда “Data Volt” ахборот технологиялари компанияси ўртасида “яшил” технологияга асосланган сана маркази қуриш бўйича келишув ҳам асосий ютуқлардан бири бўлди. Мутахассислар бундай лойиҳаларнинг Ўзбекистон учун муҳимлигига урғу бердилар. Тегишли ҳужжатни имзолаш маросимида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва “Data Volt” директори Ражит Нанда иштирок этди.
Қувонарлиси, мамлакатимиз ва халқимиз учун зарур яна бир йирик лойиҳа асосида йўл қурилиши бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди. Aвтомобил йўллари қўмитаси ва “Al Bawani Capital” компанияси ўртасида Сирдарё – Бахт ҳалқа автомобил йўлини қуриш ва Тошкент – Самарқанд йўлини реконструкция қилиш бўйича ҳужжат имзоланди. Мазкур келишув келгусидаги инвестиция ташаббуси учун асос бўлиши кутиляпти.
Хулоса шуки, форум мамлакатимиз, халқимиз учун фойдали улкан лойиҳаларга замин яратди. Ўзбекистон халқаро майдонда стратегик ҳамкор сифатидаги муҳим ўрнини яна бир бор тасдиқлаб, жаҳон сармоядорлари эътиборини ўзига тортмоқда, минтақа иқтисодий ўсишига ҳисса қўшмоқда. Бу йилги анжуман ҳам якунланди, бироқ илгари сурилган ташаббуслар, имзоланган келишувлар барқарор ривожланиш, инвестиция жалб этиш йўлида фаол иш олиб боришни талаб қилади.
Гўзал Сатторова,
ЎзА