Президент қарори – амалда
Кейинги йилларда мамлакатимиз ўрмон фонди ерлари сезиларли кенгайди. Бошқача айтганда бугун республика умумий ер майдонининг йигирма олти фоиздан ортиғини шу тоифадаги ерлар ташкил этмоқда.
Тегишли ташкилотлар томонидан ҳудудларда ўрмон барпо қилиш, қайта тиклаш тадбирлари бажарилмоқда.
Оролбўйи ҳудудларининг экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида эса экин-тикин ишлар қилинмоқда. Хусусан, Мўйноқ тумани ҳамда Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятларининг катта-катта майдонларида саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан «яшил қопламалар» барпо этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида республика бўйича 125 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган эди. Шундан келиб чиқиб, йўл бўйлари, ижтимоий соҳа объектларида атрофлари, қаровсиз майдонларда дарахтлар экилди. Ҳозир уларнинг парваришига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу каби чора-тадбирлар рўёбга чиқаётгани қувонарли, лекин бу бизнинг марра эмас. Шу йўналишда қилинадиган ишларимиз ҳали кўп.
Юртимизда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш ва ўрмон ресурсларини самарали бошқариш, шунингдек, «яшил иқтисодиёт»ни қўллаб-қувватлаш чораларини изчил давом эттириш мақсадида янги лойиҳаларга старт берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 мартда “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор соҳадаги хайрли ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўтган йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасида тегишли лойиҳани молиялаштириш битими имзоланган. Қарор билан, ушбу битим доирасида “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳасини амалга ошириш учун 5 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга белгиланган қарз маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан PROGREEN траст жамғармаси ҳамда Корея Республикасининг КWPF жамғармаси ўртасида тузилган битимлар доирасида грантлар жалб этилиши кўзланган.
– Қарор билан мамлакатимиз ўрмон тарихида энг йирик лойиҳа амалга оширилади, – дейди Ўрмон хўжалиги агентлиги бош мутахассиси Зафар Эшонқулов. – Уни амалга ошириш муддати олти йил этиб белгиланди. Бунинг учун умумий қиймати 205,45 миллион доллар йўналтирилиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг ҳар бир йўналиши бўйича параметрлар ишлаб чиқилган. Агентлигимиз ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи ташкил этилмоқда. Бу борадаги ишлар тизимли олиб борилади.
Республика бўйича 175 минг гектар майдонда табиий тикланишга кўмаклашиш тадбирлари амалга оширилади. Шунингдек, 5 минг гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилади. Тоғ ва тоғолди ҳудудларда эрозияга қарши кўчатлар экилади. Маблағлар табиий иқлимга мос, ҳар бир ҳудудга тўғри келадиган кўчатларни экишга сарфланади. Мақсад катта ва хайрли – юртимизда ўрмонлар барқарорлигини таъминлаш.
Ўрмон ландшафтларини дастлаб Жиззах, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида ташкил этиш белгиланди. Хайрли ташаббус босқичма-босқич мамлакат бўйлаб қулоч ёяди.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири