Муносабат
Кейинги етти йилда Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча соҳа ва йўналишларида мисли кўрилмаган натижаларга эришилди.
Хусусан, 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 237,9 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2023 йил якунига келиб ушбу кўрсаткич уч баробарга ортиб 756,8 миллион долларга етган. Биргина, 2024 йилнинг январь-февраль ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ўсиб, қарийб 120 миллион долларни ташкил этди. Ушбу юқори ўсиш суръати мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси сабаб, икки давлатнинг чегарадош ҳудудларида савдо марказларининг очилиши билан бевосита боғлиқ бўлган жараёндир.
Энг муҳими, икки мамлакат ўртасида бир неча йиллардан буён сақланиб қолаётган тарангликлар юмшатилиб, азалдан бир-бирига қариндош, қуда-анда бўлган ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги борди- келди алоқалари қайта йўлга қўйилди. Жумладан, 2017 йилда Тошкент ва Душанбе ўртасидаги ҳаво қатнови қайта тикланди, 2022 йилдан бошлаб эса мазкур йўналишда йўловчи поезди, шунингдек, Тошкент – Хўжанд, Қўқон – Шайдон йўналишларида мунтазам қатнайдиган халқаро автобуслар йўлга қўйилиб, фуқароларнинг узоғи яқин қилинди.
Жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига қилган навбатдаги давлат ташрифи халқаро ҳамжамият ва экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Боиси, ташриф доирасида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга оид қатор ҳужжатлар имзоланди. Ушбу ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши орқали халқларимиз ва минтақа аҳолиси турмуш фаровонлиги янада юксалишига эришилади.
Ташриф доирасида кутилган энг муҳим ҳужжат бу – қардош халқларимизнинг туб манфаатларига тўлиқ мос бўлган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланишидир. Ушбу шартнома Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчиликни чуқурлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ортга қайтмас даражада янги босқичга чиққанлигидан далолатдир.
Умуман, давлат етакчилари ўртасида имзоланган 28 та ҳужжатда ҳудудлар кесимида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, эндиликда Андижон, Наманган, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Сўғд вилояти, Қашқадарё вилояти ва Хатлон вилояти ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган “йўл харита”лари доирасида ҳудудлар ривожига қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилади.
Албатта, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожида савдо-иқтисодий масалаларнинг ўрни муҳим саналади. Аммо, халқларимиз ўртасидаги ришталарнинг янада мустаҳкамланишида маданий, гуманитар соҳадаги алоқаларнинг ҳам ўрни юқори. Шу боис, ташриф давомида ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятини фаол ишга солиш, хусусан, кўргазмалар, театрларнинг ижодий сафарлари, ёшлар ва таълим форумларини мунтазам ўтказиш, спорт дастурларини амалга ошириш, туризм хизматларини кенгайтириш орқали маданий-гуманитар алмашинувни чуқурлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимиз етакчиси юртимизда бўлиб ўтган расмий қабул ва тадбирлар, халқаро ташрифлар доирасида Ўзбекистон халқаро майдонда изчил, очиқ ва прагматик ташқи сиёсий фаолиятини давом эттириб, Марказий Осиё давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик алоқаларини жадал ривожлантириш тарафдори эканлигини таъкидлаб келади.
Шу боис мамлакатимиз етакчиси томонидан ҳар бир хорижий давлат етакчиси билан бўлиб ўтган мулоқотда Афғонистонда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар инқирознинг олдини олиш, ижтимоий ва иқтисодий ёрдамни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу галги етакчилар мулоқотида ҳам замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда яқин алоқаларни давом эттириш, хусусан, Афғонистонда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар инқирознинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Умуман олганда, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш нафақат ўзбек ва тожик халқлари келажагига, қолаверса, улкан иқтисодий салоҳият ва бой табиий ресурсларга эга минтақа – Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётига хизмат қилади. Шу боис биз, халқ вакиллари томонидан парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш, парламент назорати элементларидан самарали фойдаланган ҳолда қабул қилинган ҳужжатлар ижросини таъминлаш муҳим саналади.
Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА