Термиз давлат университетида Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллик таваллудига бағишланган “Махтумқули Фироғий--дўстлик куйчиси” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Туркманистон, Туркия, Озарбайжон, Афғонистон ва мамлакатимиз олий ўқув юртларининг профессор–ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари ва талабалар иштирок этди.
Халқаро конференциянинг тантанали очилиш маросимида Туркманистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередев, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов, Ўзбекистон Республикаси Туркман маданият маркази раиси Гулдона Авездурдиева ва бошқалар туркман халқининг буюк фарзанди Махтумқули Фироғий нафақат туркий халқлар, айни пайтда жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида алоҳида ўрин эгаллаган атоқли шоир ва мутафаккир бўлганинини таъкидлади.
Бу йил ЮНЕСКО раҳнамолигида Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллик юбилейи дунё миқёсида кенг нишонланаётгани ҳам бунга яққол далилдир.
Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори Махтумқули ижоди ва қардош туркман биродарларимизга халқимизнинг ҳурмат-эътибори чексиз эканини, мумтоз сўз санъаткори ўзбекларнинг ҳам энг суюкли шоирига айланганини кенг намоён этди.
–Жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида ўз ўрнига эга Махтумқули Фироғийнинг бебаҳо асарлари дунё халқларининг мулкига айланган, –дейди Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов. – Улуғ шоирнинг асарларида мард ва фидойи, меҳнаткаш туркман халқининг эзгу қадриятлари, ноёб фазилатлари юксак даражада куйланган. Ул зотнинг халқлар дўстлигини, гўзаллик ва нафосатни, аҳиллик ва ҳамжихатликни маҳорат билан тараннум этган асарлари асрлар давомида севиб ўқиб келинаётгани, ана шу асарлар асосида яратилган ўзбек куй-қўшиқлари меҳр билан тингланаётгани алоҳида эътирофга сазовордир. Шоир ўз даврида Хивадаги машҳур Шерғозихон мадрасасида таҳсил олгани, Алишер Навоийдек буюк сўз санъаткорини ўзига устоз, деб билгани ҳам халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликнинг ажойиб намунасига айланган.
Офлайн ва онлайн шаклда ўтказилган анжуманнинг ялпи йиғилишида “Махтумқули ижодида руҳий ҳаёт ва маърифий-маънавий мавзулар талқини”, “Махтумқулининг кўнгли”, “Махтумқули Фироғий ижодида маънавий ва ғоявий мавзулар” каби қатор мавзуларда қизиқарли маърузалар тингланди.
Анжуман Махтумқули Фироғий — халқлар дўстлиги куйчиси, Махтумқули Фироғий ижоди: ўзбек-туркман адабий алоқалари, Махтумқули ижоди лингвопоэтикаси, глобал дунё ва туркий олам: илм-фан, ижтимоий-фалсафий масалалар шуъбаларида давом этди.
Халқаро конференцияда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, шоир ва таржимон Мирзо Кенжабоевга “ТерДУнинг фахрий профессори” махсус унвони топширилди. Мирзо Кенжабоев жаҳон адабиётининг нафис дурдоналари, шу жумладан, Махтумқулининг “Сайланма” асарлар тўпламини ўзбек тилига таржима қилган.
Қизиқарли муҳокамаларга бой бўлган анжуман якунида муҳокама этилган мавзулар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири