18 апрель – Халқаро ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш куни
Дунёдаги ҳар бир халқ, давлат ўз маданий меросига эга. Бу тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган, аждодлардан қолган моддий ва номоддий мерос кўринишида бўлиши мумкин. Мамлакатимизда ҳам бир неча минг йиллик тарихга эга маданий мерос объектлари, анъана ва қадриятларимиз мавжудки, улар халқимизнинг узоқ ўтмиши, маданиятидан сўзлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасидаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати тасдиқланган. Унга кўра, ҳозир мамлакатимиздаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари сони 8208 тани ташкил этади. Уларнинг 4748 таси археологик ёдгорлик, 2250 таси архитектура ёдгорлиги, 678 таси монументал санъат ёдгорлиги, 532 таси диққатга сазовор жойлардир. Маданий мерос обидаларининг энг кўпи Самарқанд вилоятида (1607 та) бўлса, энг ками Сирдарё вилоятида (78 та)дир.
– Юртимизда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва сайёҳлик имкониятини юксалтиришда уларнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда моддий маданий мерос соҳасидаги давлат назоратини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Маҳмудхон Юнусов. – Агар 2018 йилгача маданий меросга оид 2 та қонун амал қилган бўлса, кейинги йилларда соҳага оид 2 та қонун, 3 та Президент қарори ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар асосида кейинги йилларда моддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, авария ҳолатидаги ва таъмирталаб ҳолатга келиб қолган ёки йўқолиб кетиш хавфи мавжуд бўлган объектларни реставрация ва консервация қилиш, уларнинг муҳофаза ҳудудларни белгилаш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган 1607 та объектнинг 1011 таси республика аҳамиятидаги, 596 таси маҳаллий аҳамиятдаги объектлар ҳисобланади. Маданий мерос объектларининг 973 таси археологик, 564 таси архитектура, 34 таси диққатга сазовор жойлар, 36 таси монументал, 221 таси шахсий мулк шаклидаги тураржой биноларидир.
Самарқанд шаҳрининг 1123 гектардан иборат тарихий маркази 2001 йилда ЮНEСКО томонидан “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” номи билан умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Унинг муҳофаза этиладиган зонаси 1369 гектарни ташкил этади.
Ўтган йили 10-25 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган ЮНEСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-сессиясида Ўзбекистон “Буюк ипак йўлининг Зарафшон – Қорақум йўлаги” номинациясини тақдим этиш бўйича лойиҳа координатори сифатида иштирок этди ва мазкур йўлак умумжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Йўлак уч давлатда жойлашган 31 та объектдан иборат бўлиб, уларнинг 15 таси Ўзбекистон, 9 таси Тожикистон ва 7 таси Туркманистон ҳудудида жойлашган. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган 15 та обида Жартепа оташпарастлар ибодатхонаси, Сулаймонтепа, Кофирқалъа қўрғони, Дабуссия қўрғони, Қосим Шайх меъморий мажмуаси, Мирсаид Баҳром мақбараси, Работи Малик карвонсаройи ва Сардоба, Деггарон масжиди, Чашмаи Айюб мақбараси, Варданзе қўрғони, Вобкент минораси, Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси, Чор Бакр некрополи, Варахша қўрғони, Пойкент қўрғонидир. Ушбу маданий мерос объектларининг дастлабки 4 таси Самарқанд вилояти ҳудудида жойлашган.
Албатта, юртимиздаги маданий мерос объектларининг рўйхатга олиниши қувонарли. Шу билан бирга бу меросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш масъулияти борки, буни унутмаслик лозим.
– Айни пайтда моддий маданий мерос объектларини асраш билан боғлиқ бир қатор масалалар бор ва уларни ҳал этиш бугунги куннинг муҳим вазифаси ҳисобланади, – дея сўзида давом этади М.Юнусов. – Бу вазифалар нималардан иборат? Биринчидан, “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати”ни қайтадан кўриб чиқиш ва зарурий тузатишларни амалга ошириш лозим. Чунки, рўйхатда жуда кўп чалкашликлар мавжуд. Масалан, Самарқанд шаҳар Регистон кўчаси 3 “а”-уйда жойлашган, миллий рўйхатга “Усматбой мадрасаси” номи киритилган мадраса аслида “Дўстматбой мадрасаси” (Дўстматбой Бахмал туманидаги Ўсмат шаҳарчасидан бўлган) тарзида киритилиши керак эди. Бундай хатоликлар археологик обидаларда, айниқса, кўплаб учрайди. Масалан, Қоратепа Қизилтепа шаклида, Қизилтепа Сариқтепа шаклида миллий рўйхатга киритилган. Миллий рўйхат шошма-шошарлик билан, объектларни жойига чиқиб кўздан кечирмасдан, ўтган асрнинг 30-50 йилларида тузилган рўйхатларга қараб тузилган ҳоллар ҳам мавжуд. Натижада аслида ўтган асрнинг 90-йилларига қадар йўқ бўлиб кетган археологик объектлар ҳам рўйхатга киритилган. Шу билан бирга, миллий рўйхатга киритилмасдан қолиб кетган моддий маданий мерос объектларининг сони ҳам дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 200 га яқинни ташкил этади. Уларни ҳам миллий рўйхатга киритиш ва шу орқали сақлаб қолиш зарур.
Иккинчидан, моддий маданий мерос объектларининг ягона электрон базаси шакллантирилмаганлиги ҳам катта муаммоларни юзага келтирмоқда. Дунё тажрибасида кўриладики, барча моддий маданий мерос объектларининг электрон базаси юритилади ва у барча учун очиқ. Ягона электрон базанинг юритилиши соҳада бажарилаётган ишларнинг шаффоф бўлишини таъминлайди ва жамоатчилик назоратини ҳам осонлаштирилади.
Учинчидан, моддий маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва сақланиш ҳолати далолатномаларини (object condition report) тузиш зарур. Бунда махсус фотодронлар ёрдамида ҳар бир объектнинг уч ўлчамли сурати олинади. Суратга объектнинг жорий ҳолати ёзма равишда илова қилинади. Натижада моддий маданий мерос объектларини вақтинча сақлаб турган ташкилотлар, хусусий мулк эгалари, умуман жавобгар шахсларнинг масъулияти ошади. Вақти-вақти билан объектлар хатловдан ўтказилганда сақланиш ҳолати далолатномаларидаги сурати ва тавсифи билан солиштирилади.
Тўртинчидан, моддий маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатларини шакллантириш ишларини охирига етказиш зарур. Айни вақтда биргина Самарқанд вилоятида моддий маданий мерос объектларининг 90 фозидан ортиғи (1467 та) ўз кадастр паспортига эга.
Бешинчидан, моддий маданий мерос объектларининг барчасига муҳофаза белгилари ўрнатиш, атрофини ўраш керак. Бу айниқса археологик объектларга таалуқлидир.
Олтинчидан, бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги 1607 та моддий маданий мерос объектидан 130 таси йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Мазкур объектларда имкон қадар тез фурсатда бирламчи консервация ишларини амалга ошириш лозим.
Еттинчидан, Самарқанд вилоятидаги 60 га яқин археология мероси объекти ҳалигача қабристон ҳисобланади. Бу эса мазкур объектлардаги юқори маданий қатламларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келмоқда. Қабристонлар учун алоҳида жой ажратиб, археологик тепаликларни қабристон сифатида ишлатишни тўхтатиш лозим.
Моддий маданий мерос объектларини рақамлаштириш, миллий рўйхатга тузатишлар киритиш, моддий маданий мерос объектларининг яқона электрон базасини юритиш ишларини кенг жамоатчилик, олим ва мутахасислар иштирокида амалга ошириш мумкин. Шунинг билан бирга мазкур жараёнларга хорижий ва маҳаллий грант маблағларини жалб этиш яхши самара беради.
Моддий маданий мерос объектларини сақлаш билан боғлиқ ишлар молиявий кўмаксиз бўлмайди, албатта. Кейинги йилларга давлатимиз томонидан мазкур соҳага ажратилаётган маблағ миқдори йилдан-йилга кўпаймоқда. Мазкур жараёнга маҳаллий ҳокимликлар ҳам ўз ҳиссасини қўшса, соҳадаги кўплаб муаммоларга ечим топилган бўларди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири