Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг 20 январидан 1 апрель кунига қадар “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси ўтказилди.
Акция давомида 819 та маҳаллада ўтказилган хатловлар натижасида 15 минг 823 нафар ҳужжатга эга бўлмаган шахс аниқланди ва шундан 14 минг 754 нафар фуқарога тегишли ҳужжат расмийлаштириб берилди.
Хусусан, 1 минг 235 та туғилганлик гувоҳномасини йўқотганлар, 205 та ўлим гувоҳномасини йўқотганлар, қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келаётганларга 3 минг 519 та гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Давлат хизматлари марказлари томонидан 580 та ID-карта расмийлаштирилиб, 2 минг 723 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилди.
Жумладан, Косон тумани адлия бўлими, ФҲДЁ бўлими ва ДХМ ходимлари билан биргаликда ҳуқуқий акция доирасида тумандаги “Янгиобод” МФЙ да яшовчи Ж.Соатовлар оила аъзоларининг 5 нафарига туғилганлик гувоҳномаси сайёр тартибда топширилди.

Миришкорлик Бахтбек 2010 йилда туғилган. Шу кунга қадар мактабга боролмади. Сабаби туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқ эди. Онаси ёлғиз боши билан бормаган жойи қолмади. Бола уйда туғилганлиги, яшаш жойи бўлмаганлиги сабаб ҳам гувоҳнома олишолмаган. Туман адлия бўлими ҳамда ФҲДЁ ходимлари томонидан акция доирасида ҳуқуқий кўмак берилиб, 13 ёшли Бахтбек ҳужжатли бўлди.

Худди шундай Китоб туманидаги “Боғбон” МФЙ Янги қишлоғида яшовчи фуқаролар Алижон Хайруллаев ва Мунаввар Шукурованинг 23 йилдан буён бирга яшаб, 6 нафар фарзанди борлиги, лекин айрим сабабларга кўра, вақтида никоҳи қонуний расмийлаштирилмаганлиги аниқланди.
ФҲДЁ бўлими ходимлари томонидан фуқароларнинг никоҳлари қонуний равишда расмийлаштирилиб, никоҳ гувоҳномалари яшаш манзилларига етказиб берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири