Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган 2023 йилнинг 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташриф буюриб бир қатор истиқболли лойиҳалар билан танишган эди. Вилоятда олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, “яшил” энергетика ва технология, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилган эди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Авваллари Жиззах вилояти саноат кўрсаткичлари аҳоли жон бошига энг паст бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланар эди. Бугунги кунда ҳар бир туманга саноат кириб борди. Айниқса, “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси вилоят саноатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунга келиб мазкур иқтисодий зона маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республикада учинчи, экспорт ҳажми бўйича эса олтинчи ўринга кўтарилди. Айни пайтда “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 33 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 минг 670 та иш ўрни яратилган. Кейинги йилларда унинг фаолияти янада такомиллашди, бизнесга қулайлик кенгайди. Ҳозир бу ерда ўнлаб турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
[gallery-16821]
“АДМ Жиззах” корхонаси 2021 йилда ташкил этилган. Ўтган уч йилда бу ерда “KIA”, “Chеri” ҳамда “Xaval” брендлари остида 23 турдаги 12 триллион сўмлик36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. Лойиҳани амалга оширишда 234 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилган. 1 минг 800 нафар киши иш билан таъминланган. Дастлабки босқичда автомобиллар кичик узелли йиғув усули асосида ишлаб чиқарилган. Бир вақтнинг ўзида заводни кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилиб, жорий йил март ойида янги қувватлар ишга туширилди.
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган ушбу “АДМ Жиззах” енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводнинг янги биноси яқинда фойдаланишга топширилиб, “Kia Sonet” автомобиллари ишлаб чиқарилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоят улкан автомобилсозлик ҳудудига айланди, 2022 йилда вилоятда саноат ишлаб чиқариш 11 триллион 700 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 19 триллион сўмга етди. Бир йилда бу кўрсатгич 1,7 баробарга ортди. “АДМ Жиззах” корхонасида бугунги кунга келиб “KIA”, “Chery” брендлари остида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳани амалга оширишда 226 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилиб, айни пайтда корхонада 1 минг 300 та янги иш ўрни яратилди. Заводда йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати мавжуд. Келгусида иш ўринлари сонини 3 мингтага етказиш кўзда тутилган. Завод автомобилларни юқори технологияларни жалб қилган ҳолда пайвандлаш, бўёқлаш ва йиғиш жараёнларини қамраб олувчи тўлиқ ишлаб чиқариш цикли асосида ишламоқда.
Вилоятнинг Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган “BMB Holding”нинг кенг кўламли фаолияти ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутади. Хусусан, “BMB Holding” ўзбек заъфаронини АҚШ ва Европа давлатларига экспорт қилиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шунингдек, компания томонидан ташкил этилган “Агрологистика” мажмуасининг фаолияти ҳам таҳсинга сазовор. Агрологистика комплексини ташкил этиш лойиҳасининг умумий қиймати 57 миллион 700 минг АҚШ долларини ташкил этиб, комплекс учта модулдан иборат. Уларнинг ҳар бирида йилига 270 минг тоннагача қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш қуввати мавжуд. Лойиҳани амалга ошириш учун Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидан 40 гектар ер майдони ажратилган. Барча режалаштирилган модулларнинг умумий айланма қуввати йилига 810 минг тоннани ташкил этади.
Шунингдек, шу туманда барпо этилаётган яна бир йирик инвестицион лойиҳа – “BMB Agro Plus” корхонаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. “BMB Holding” тасарруфидаги мева-сабзавотчилик ва озиқ-овқат кластерларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан чуқур қайта ишлашгача бўлган тўлиқ занжирни ташкил этиш, шунингдек, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда Европа мамлакатларига экспорт қилиш мақсадида “BMB Agro Plus” корхонасининг биринчи босқичи май ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Шу билан бирга илм-фан, инновация, IT соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 ноябрдаги “Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ҳамда 2023 йилги ташрифи давомидаги берган топшириқлари доирасида ҳудудларда киберспорт мусобақаларини ташкил қилиш ва ривожлантириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Қарор ва топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан Жиззах шаҳри марказида Ўрта Осиёдаги энг йирик “Киберспорт арена”си фойдаланишга топширилди. Вилоят марказида бунёд этилаётган ушбу марказ келгусида киберспорт бўйича жаҳон, Осиё ва турли халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиш имкониятини беради. Киберспортни хавфсиз ривожлантириш ва оммалаштириш, иқтидорли ёшларни аниқлаб, уларни профессионал киберспортга йўналтириш, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон нуфузини ҳимоя қилиш, IT индустрияси учун салоҳиятли кадрларни тайёрлаб беради. Ҳудуди 3326 метр квадратни ташкил этган ушбу 2-қаватли объектнинг лойиҳа қиймати 30 миллиард сўм бўлиб, маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланди.
Мажмуада 35 нафар ходим, шундан 25 нафар ёшлар фаолият юритиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу арена 1 минг 200 томошабинга мўлжалланган ва унда LOUNJ ҳудуд, бепул WI-FI зонаси ва VIP типидаги хоналар ҳамда 32 ўринли меҳмонхона ҳам мавжуд.
Рақамлаштириш соҳасида 50 миллион АҚШ доллари IT экспортини ва 750 миллиард сўм IT ҳажмини амалга ошириш, 100 га яқин IT резидентларини ташкил қилиш ҳамда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини давом эттириш мақсадида Шароф Рашидов, Зомин ва Фориш туманларида “IT village” лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Нафақат ўтган 2023 йилда, балки кейинги 5-6 йилда вилоятда сувли ерларни фойдаланишга киритиш, лалми ерларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хилма-хил турларини етиштириш мақсадида жорий йил ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб келинаётир.
Биргина 2017-2018 йилларда вилоятда боғ майдонлари бор-йўғи 5 минг гектарни ташкил этганди, кейинги йилларда 23 минг гектар майдонда янги боғлар ташкил этилиб, жами 28 минг гектарга етказилди. Худди шундай, бундан 5-6 йил аввал 2 минг гектар узумзор бўлган бўлса, кейинги йилларда 17 минг гектарда янги узумзорлар барпо қилиниб, жами 19 минг гектарга етказилди.
2023 йилда 3141 гектар боғ ва 5160 гектар узумзорлар барпо қилинди. 2024 йилда ҳам бу ишлар давом эттирилиб 520 гектарда боғ ва 15371 гектарда янги узумзорлар барпо қилинади. Умуман олганда бу соҳани ривожлантириш учун вилоятда имкониятлар катта, шунинг учун, 2030 йилгача яна 32 минг гектар интенсив боғлар, 15 минг гектар узумзорлар барпо қилиниб, боғлар 60 минг гектарга, узумзорлар 35 минг гектарга етказилиши кўзда тутилмоқда.
Чорвачилик соҳасида ҳам ўтган йиллар давомида муайян ютуқларга эришилди. 2023 йил натижаларига кўра 2018 йилга нисбатан қорамол 133,3 минг бошга ёки 115,1 фоизга, қўй-эчкилар 341,5 минг бошга ёки 116,6 фоизга, балиқ ҳавзалари 5489 гектарга ёки 239 фоизга, асалари оилалари 2039 тага ёки 153 фоизга ўсишга эришилди.
Умуман олганда, вилоятда бу каби ўнлаб йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиляпти. Булар ҳаммаси мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш даражасининг ошиши, Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, одамлар розилиги учун хизмат қилади.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА