Ўрта Чирчиқ туманининг “Дўстлик” маҳалласида 600 хонадон мавжуд бўлиб, “бир ҳудуд – бир маҳсулот” тамойили асосида 50 та хонадон қўзиқорин етиштириш билан шуғулланиб келади. Маҳаллада ишсиз фуқаронинг ўзи йўқ. Хонадонларга бириктирилган 8-10 сотих томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, ҳар бирлари ўз бандлигини таъминлашган. Масалан, Баҳодир Ҳасанов хонадонида 6 сотих иссиқхона қурилган ва унда қўзиқориннинг бозорбоп нави етиштирилади. Қолган ерида кўкат экиб, даромад топади. Оиласининг 5 аъзоси, 3-4 нафар қўшни аёллар доимий иш билан банд. Уй эгаси тайёр маҳсулотни бозорга ёки маҳалладаги корхонага топширади.
“Манеев агрокластери” раҳбари асосан далада полиз маҳсулотларини етиштиради. Шу билан бирга томорқасида қўзиқоринчиликни йўлга қўйган. Оила аъзолари, қўни-қўшнилар жами 10 нафар фуқаро иш билан банд. Шелуха, оҳак, кепак солинган мана бу қопчаларга қўзиқорин уруғидан экилиб, қамиш билан ўралган иссиқхонада парвариш қилинади. Маҳсулот 40 кунда тайёр бўлади. Қўзиқоринлар соғлом ва бозорбоп бўлиши учун 20-23 даража иссиқлик ва намлик таъминланиши лозим.
- Мен бу машғулот билан 9 йилдан буён шуғулланиб келаман, -дейди “Манеев агрокластери” раҳбари Рустам Миванчинов. - Маҳалламизда қўзиқоринчилик йўлга қўйилганига 20 йилдан ошди. Мен фақат қайта ишлаш цехини ташкил қилдим холос. Кўриб турганингиздек бу кимёвий қўшимчаларсиз тоза маҳсулот. Табиий усулда етиштиришга ҳаракат қиламиз. Бизда кооперация ҳам яхши йўлга қўйилган. Мана бу қопчаларни тайёрлаб аҳолига етказиб бераман, улар етиштириб бизга топширишади, сўнгра қадоқлаймиз. Бизни ишлаб чиқариш Хитой технологиясига асосланган. Буни Голландия технологиясидан фарқи, ер майдони иқтисод қилинади. Масалан, мана шу жойда 5 тоннагача ҳосил оламиз. Буни парвариш қилиш жуда осон. Кунига бир марта суғориб, кейин тайёр бўлганда йиғиштириб олинади. Хуллас, меҳнати енгил, даромади юқори.
Эътиборлиси, тадбиркор томонидан ташкил этилган цехда ўзи ва маҳалла томорқачиларининг маҳсулотлари қадоқланиб, бозорга чиқарилади. Қўшимча қиймат ҳосил бўлади. Маҳалла аҳолисидан кооперация асосида йиғиштириб олинган қўзиқоринлар сифатини йўқотмасдан, тўғридан-тўғри харидорга етказилади. Маҳсулотни қадоқланган холатда 2 йилгача сақлаш мумкин бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қўзиқорин иммунитетни мустаҳкамлайди, қон томирларни тозалайди, холестеринни камайтиришга ёрдам беради, ақлий қобилиятга ижобий таъсир кўрсатади, асаб тизимини яхшилайди, тери, соч ва тирноқларни соғломлаштиради. Қўзиқориннинг турига қараб бошқа шифобахш хусусиятлари ҳам мавжуд.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/DV0vRpCODt8?si=L-Sbh2hZ9cXIqYuy" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов,Улуғбек Тўхтаев, ЎзА