Коррупциявий жиноятлар, шунингдек, ишга кириш жараёнларида кузатилаётган коррупция хавфлари бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлик томонидан таҳлиллар олиб борилди.
Таҳлиллар қандай натижа кўрсатди? Бу саволга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров жавоб берди:
– Таҳлилларга кўра, 2023 йилда судлар томонидан кўрилган айблов ҳукми чиқарилган коррупцияга оид жиноят ишлари сони 4 минг 128 тани ташкил қилиб, 2022 йилга нисбатан 479 тага ёки 11 фоизга камайган.
Республика бўйича 6 минг 535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. 2022 йилга нисбатан жавобгарликка тортилганлар сони 12 фоизга камайган. Жавобгарликка тортилган шахсларнинг 16,4 фоизи озодликдан маҳрум этилган.
Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш – 2 минг 67, пора бериш – 894, фирибгарлик – 769, пора олиш – 121 ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш – 125 тани ташкил этган.
Коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар сони Андижон, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида ошган. Соҳалар кесимида ўтказилган таҳлилларга кўра, хўжалик юритиш ва тадбиркорлик, таълим, банк, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида энг кўп коррупциявий жиноятлар содир этилган.
Жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 12 нафари республика, 319 нафари вилоят, 5 минг 24 нафари туман - шаҳар миқёсидаги давлат ташкилотларида фаолият кўрсатган.
Таҳлиллар кўрсатишича, муқаддам судланган шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши улар томонидан қайта жиноят содир этилишига имконият яратиб бермоқда. Жумладан, 2023 йилда 1 минг 146 нафар муқаддам судланган шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 566 нафари муқаддам содир этган коррупциявий жиноятлари учун судланган.
2022-2023 йиллар давомида 876 нафар шахс давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.
Мазкур жиноятларни содир этганларнинг 282 нафари соғлиқни сақлаш, 72 нафари халқ таълими, 65 нафари мактабгача таълим, қолгани бошқа соҳа вакилларидир.
Соғлиқни сақлаш тизимига фуқароларни кичик тиббиёт ходими, ҳамширалик, фельдшерлик ва фаррош, мактабгача таълим тизимига тарбиячи ва техник ходим, мактаб таълими тизимига ўқитувчи ва техник ходим сифатида ишга қабул қилишда коррупция ҳолатлари, миллий гвардия, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқароларни пора беришга далолат қилган ҳолда фирибгарлик йўли билан ишга киритиб қўйиш ҳолатлари нисбатан кўпроқ кузатилган.
Ушбу ҳолатнинг юзага келишига иш қидираётган фуқароларга давлат корхона, муассаса ва ташкилотларидаги бўш иш ўринлари ҳақида шаффоф маълумотлар бериш тизими лозим даражада шаклланмаганлиги ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Давлатга қарашли корхона, муассаса ва ташкилотларининг мансабдор шахслари мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни яшириш орқали турли коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун учун ўзларига шарт-шароит яратмоқда. Иш берувчи томонидан мавжуд вакант ўринларга ишга жойлашишни сўраб мурожаат қилган фуқароларга нисбатан тамагирлик ҳолатлари ҳамон учраб турибди.
Таҳлил якунлари бўйича Агентлик томонидан мазкур йўналишдаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли идораларга киритилди.
Н.Абдураимова, ЎзА