Таҳлил
Аёл. Кўпинча нозик хилқат дея таърифланадиган бу зотлар аслида кичик жуссасида оиланинг, фарзандларининг, бутун жамият ва миллатнинг оғир ва залворли юкини катта матонат ва шижоат билан кўтариб юради. Аёл ожиза эмас, балки миллат эртаси бўлган ёш авлоднинг кўз ўнгида қудратли, ҳамиша дадил, ҳамма ишга қодир, фарзандларни юксак чўққилар сари етаклайдиган, уларга чексиз руҳ ва мадад берадиган улуғ зотдир. Аёл заифа эмас, балки кучли дея қараладиган эркакларга ҳам далда бўла олдиган, улар билан бир қаторда елкама-елка туриб, оила, фарзанд масъулияти, жамият ташвиши ҳамда элу юрт юмушини баравар бажариш шиддатига эга кучли инсондир.
Аёллар бугун ва эртанинг фаровон бўлишига дахлдор шахслардир. Шунинг учун ҳам аёллари эъзозланган юрт қудратли ва фаровон бўлади, аёлининг қадри баланд тутилган элнинг эр-йигитлари ҳам ҳурмат-эъзозда юради.
БОШҚАРУВДА ХОТИН-ҚИЗЛАР УЛУШИ 30 ФОИЗГА ОШИРИЛАДИ
Бугун Ўзбекистон хотин-қизлари ҳам юксак эъзоз ва эътиборда, эътирофда бўлиб келмоқда. Улар нафақат оилада, балки давлат ва жамият қурилишида, оғир-енгил ҳар бир тармоқда ўз ўрни, ўз сўзига эга. Ҳунармандчиликдан тортиб таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, бизнес ҳамда қишлоқ хўжалиги, саноат ва қурилиш-бунёдкорлик ишларида ҳам хотин-қизларнинг иштироки, фаоллиги кенгаймоқда. Биргина қишлоқ хўжалигидаги ишчи кучининг 40 фоизидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади, мавжуд 85 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг 6,5 фоизига аёллар раҳбарлик қилмоқда.
Умуман, ҳар бир соҳада раҳбар аёллар сафини кенгайтириш, конституциямиз билан мустаҳкамланган гендер тенгликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада «Ўзбекистон — 2030» Стратегиясида ҳам гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 30 фоизга кўпайтириш мақсади ўз ифодасини топгани сўзимизга исбот бўлади. Бу борадаги ишлар эса хотин-қизларни янада фаолликка чорлайди.
ҲАР БИР ҚЎЛЛОВ ХОТИН-ҚИЗЛАРГА РАҒБАТ БЕРАДИ
Юртимиз хотин-қизларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина ўтган 2023 йилда Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар доирасида хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилган.
“Аёллар дафтари” доирасида 30 ёшдан ошган 1 милион 779 нафар хотин-қиз рўйхатга киритилиб, 993 минг 368 нафарига ёрдам кўрсатилган. Давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқиш имкониятлари яратилиб, кўлами 2 баравар оширилган. Республика бўйича оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 78 мингга яқин ишсиз хотин-қизнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларни ўқитиш ва бандлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Турар жойга муҳтож жами 4 минг 138 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланган. 3 минг 488 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз махсус жарроҳлик амалиётидан ўтказилган.
Аёли ўқимишли, зиёли бўлган миллатнинг эртаси ҳам буюк, фарзандлари салоҳиятли бўлади. Шу боис ҳам мамлакатимизда хотин-қизларнинг таълим олишлари учун кенг шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларни илм-фанга фаол жалб этишга долзарб масала сифатида қаралмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2022 йил 15 июндаги «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилиши белгиланди.
Умуман, бугунги кунда хотин-қизларимизнинг олий таълим эгаллаши учун қатор енгилликлар, имтиёзлар тақдим этилган. Бунинг натижасида статистик рақамларга кўра, 2022/2023 ўқув йили бошида олий таълим ташкилотларининг бакалавриат йўналишига 134 минг 217 нафар хотин-қизлар қабул қилинган. 2022/2023 ўқув йилида бакалавриат йўналишини битирган хотин-қиз талабалар эса 40 минг 215 нафарни ташкил этган. Демак, юртимизнинг серғайрат хотин-қизлари давлатимиз томонидан берилаётган ҳар бир имтиёз ва имкониятдан самарали фойдаланишга, ўз устида ишлашга сидқидилдан киришган.
ДАВЛАТ ДАСТУРИ: 90 МИНГ ХОТИН-ҚИЗ ТАДБИРКОРЛИККА ЎҚИТИЛАДИ
Мамлакатимиз хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар «Ўзбекистон — 2030» Стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида янада кенг кўламда давом эттирилади. Дастурга кўра, ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун «Қизлар академияси» платформаси ишга туширилади.
Бундан ташқари, Давлат дастурининг 25-мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш йўналишида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, аёллар саломатлигини асраш борасида 2 минг нафар жарроҳлик операциясига муҳтож хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш вазифаси ўз ифодасини топган.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизлар бандлик дастурини тасдиқлаш ва уларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратиш, ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари ва кластерларини ташкил қилиш мақсадлари акс этган. Бундан ташқари, 85 минг нафар хотин-қизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, 90 минг хотин-қизни тадбиркорликка ўқитиш, 110 минг нафар ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш вазифалари белгилаб қўйилди.
Тадбиркор ва ишбилармон аёлларимизни қўллаш мақсадида Давлат дастурида хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш масалалари ҳам кўзда тутилган. Бу эса тадбиркорлик истаги бор, аммо бироз чўчиётган аёлларга дадиллик беради, қулайлик яратади.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, қонунчиликка кўра, хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 3 йилгача ва 6 ойгача имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада 33 миллион сўмгача кредитлар ажратилиши белгиланган. Бугун ушбу имтиёзлардан фойдаланиб, ўз бизнесини йўлга қўяётган, нафақат ўзи, балки ён-атрофидаги аёл-қизларни ҳам иш билан банд қилаётган уддабурон аёлларимиз сафи кенгаймоқда.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда хотин-қизларга бўлган эътибор юксак даражада. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш, жамиятдаги, соҳалар ривожидаги иштирокини кенгайтириш, билим ва малакасини юксалтириш энг муҳим масалалардан бирига айланган. Юрт келажаги бўлган фарзандларимизни вояга етказиш ва уларни Ватанга муносиб қилиб тарбиялашда оналарнинг, аёлларнинг ўрни муҳим экан, уларни қўллаш, руҳий мадад бериш орқали миллат эртасининг пойдевори мустаҳкамланади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА