Фарғонада от спортининг улоқ-кўпкари тури бўйича халқаро турнир бошланди. Унда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Венгриядан 8 та жамоа иштирок этмоқда.
Халқаро турнир Миллий гвардия Фарғона вилояти тасарруфидаги Чавандозлар мактабининг отчопарида бўлиб ўтмоқда. Унинг очилишида вилоят ҳокими ўринбосари Шерзоджон Раҳимов барча жамоаларга омад тилади.
Мардлик, жасурлик, эпчиллик, қатъиятлилик фазилатлари мужассам бўлган чавандозлик спорт ўйини - халқимизнинг қадимий машҳур спорт мусобақаси бўлган. Маълумотларга қараганда, кўпкари (улоқ) от спорти мусобақасининг бир тури милоддан аввалги 2-3-асрларнинг бошларида шаклланган.
Қадимдан сайиллар, ҳосил ва Наврўз байрамларида умумхалқ ўйинлари қаторида кўпкари ўйналган. Халқимиз “От йигитнинг йўлдоши” деб бежиз айтмайди. Айниқса, Ўзбекистон қадимдан ахалтекин, қорабайир зотли отларнинг ватани эканлиги кўплаб солномаларда қайд этилган. Фарғонанинг самовий ва учқур отлари ҳақидаги тарихий битиклар эса барчага фахр ва ифтихор бағишлайди.
Бугунги кунда бу миллий спорт тури янада ривожланмоқда, моҳир чавандозлар халқаро мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтаришмоқда.
[gallery-16570]
Президентимизнинг 2021 йил 11 мартдаги «Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. "Қорабайир отлари маҳорат мактаби", отчилик мажмуалари Миллий Гвардияга от спорти турини янада ривожлантириш ва ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида бириктириб берилган бўлиб, бугунги кунда Республикада 14 та Чавандозлар мактаби, 300 дан ортиқ от спорти секциялари ташкил этилган.
Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси тасарруфида Чавандозлар мактаби, шаҳар-туманларда от спортининг конкур, улоқ кўпкари, учкураш турлари бўйича 16 та тўгараклар ташкил этилган. Ҳозирда ушбу тўгаракларда қарийб 300 нафар ўқувчи-ёшлар ўз маҳоратларини ошириб боришмоқда.
Ўтган даврда от спортининг конкур, учкураш, от йўрттириш турлари билан шуғулланувчи ўқувчилар 18 маротаба Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида қатнашиб, 7 та олтин, 5 та кумуш ҳамда 6 та бронза медални қўлга киритишди. Энг муҳими ва асосийси, бу мактаб ёшларга чинакам ҳаёт сабоқларини бермоқда. Айни пайтда 9 нафар ўқувчи-спортчи от спорти бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Мазкур халқаро турнир юртимизда учинчи маротаба ўтказилаётган бўлиб, икки марта Сурхондарё вилояти мезбонлик қилган. Учинчи турнир эса Фарғонада бўлиб ўтмоқда. Халқаро турнир қизғин баҳслар остида кечаётган бўлиб, дастлабки ўйинни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Қозоғистон терма жамоаси бошлаб берди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА