Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Китобхон оналар” тадбири доирасида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” мавзусида маънавий-маърифий, бадиий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин олиб борди ва қадим тарихга эга бўлган, табиат уйғониши рамзи, янгиланиш, ёшариш айёми бўлган Наврўз байрами бугунги кунда янгича тус олаётгани, миллий анъаналаримиз тикланиб, уларни ёш авлодга етказишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Иштирокчилар Наврўзнинг тарихи, миллий қадриятларимиз билан боғлиқ жиҳатлари, маданий-маърифий ҳаётимизда тутган ўрни, ўзига хослиги ҳақида гапирди. Шунингдек, бу айёмда табиатнинг уйғониши, байрам тантаналари, халқ сайиллари, байрам таомларининг тайёрланиш жараёни, халқ мусобақалари ва бошқа кўплаб удум ва анъаналар ҳозирги кунда ҳам давом этаётгани айтилди.
Тадбирда Zoom платформаси орқали иштирок этган Урганч шаҳар “Ижодкор аёллар” гуруҳи раиси, шоира Қурбонбика Ўрозметова “Наврўз тарихи ва ривоятлари” маърузасида Наврўзнинг тарихи, байрам сайиллари, отчопар, улоқ, кураш сингари халқ ўйинлари, баҳор ҳақида қўшиқлар, достонлар хусусида ўз фикрларини билдирди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоира Ўктамой Холдорова ҳамда Руқия Ғозиева иштирокчилар эътиборига Наврўз мушоирасини ҳавола этди.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани маҳаллалари ҳамда Самарқанд шаҳар Марказий ҳарбий округи китобхон фаоллари ўқиган китобларидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
Байрам тадбирига Ўзбекистон давлат филармониясининг “Наврўз” ашула ва рақс ансамбли хонандаси Озода Ёрова, Қарши шаҳар маданият маркази қошида ташкил этилган "Насаф" этнографик халқ ансамбли ҳамда “Тарона” фольклор жамоаси ижросидаги куй ва қўшиқлар баҳорий кайфият бағишлади.
Н.Усмонова,
ЎзА