Архивлар кадастрнинг “юраги” саналади. Давлат кадастрлари палатаси раиси томонидан тасдиқланган буйруққа кўра, 2024 йилда филиаллар архивларида сақланаётган ҳужжатларни рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини тўғри юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Рақамлаштириш биринчидан архив ишининг самарадорлигини оширади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилояти бошқармасининг бош мутахассиси Фаррух Абдуллаев. – 2024 йил Давлат кадастрлар палатасида “Архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини тўғри юритишни йўлга қўйиш йили” деб белгиланди. Авваллари кадастр ҳужжатлари кўча ёки маҳалла кесимида жойлаштирилган бўлса, ҳозирда қидирув тизими жорий этилиб, бунда стеллажлар, полька ва ҳужжатлар рақамланади. Бу ҳужжатларни тез топиш имконини яратиб беради.
Рақамлаштириш ишида, аввало, ҳар бир ҳужжатдан нусха (скайнер) олиш, рақамлаш ва дастурга юклаш, сўнг қайта тикиб, ҳужжатдаги ҳар бир камчиликни эслатма шаклида белгилаб чиқиш лозим бўлади. Буларни бажариш учун эса, албатта, филиал архивчисига қўшимча куч керак бўлади. Архив ҳужжатларни рақамлаштириш ва ҳисобга олиш кейинчалик соҳа ходимлари иш кўламини осонлаштиради. Натижада ходимлар электрон дастурдан хоҳлаган вақтда, исталган ҳужжатни топишлари мумкин. Яна бир жиҳат – рақамлаштириш соҳа ходимлари қамрови камайишига сабаб бўлмайди.
Давлат кадастрлар палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси мисолида айтадиган бўлсак, бугунги кунда бу ерда жами 210 670 та кўчмас мулк бўлиб, шундан 20 177 таси нотурар объект, 190 495 таси турар жой ҳисобланади.
Ҳозиргача жами 24 804 та турар жой, 20 177 та нотурар объект архив ҳужжатлари рақамлаштирилиб, ҳисобга олинди. Қолган обеъктларнинг ҳужжатлари кўриб чиқилиб, ҳисобга олиш ва рақамлаштириш ишлари давом этмоқда.
Шу билан бирга, барча туман филиалларимиз архив хоналари қайта жиҳозланиши, замонавий техникалар билан таъминлаши, ёнғиндан ва бошқа ҳужжатларга зарар етказилиши мумкин бўлган хавфлардан ҳимояланиши ҳамда ҳужжатлар тартибини тўғри юритиш, рақамлаштириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Чунки кадастр йиғмажилдлари умрбод сақланади.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.