
Бишкекда Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри етакчи солистлари ҳамда симфоник оркестри иштирокида катта гала-концерт бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хуршид Мирзоҳидов, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов ҳамда Қирғизистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Темурлан Aжималиев иштирок этди.


Кейинги йилларда миллий театр ривожи йўлида кўрсатилаётган эътибор энг сара асарларни саҳналаштириш, бадиий жамоаларнинг хорижлик ҳамкасблари билан янада кенгроқ мулоқот ўрнатиши, миллий санъатимизни халқаро миқёсда намойиш этишда янги истиқболларни очмоқда.


Қардош мамлакатда бўлиб ўтган концерт дастури мамлакатимизда анъанавий хонандалик, мумтоз мусиқа, опера, рақс, балет санъатининг бирдек равнақ топиши учун зарур барча имкониятлар ишга солинаётганини яна бир карра намойиш этди.
Концерт дастури қирғизистонлик санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотди.
Н.Усмонова, ЎзА