
Қонун лойиҳасига шарҳ
Йилдан йилга глобал тус олаётган сув муаммоси бу табиий ресурсдан унумли фойдаланиш, уни исроф қилмаслик, беҳудага сарфламаслик лозимлигини англатмоқда. Шу боис ҳам мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган “сув – текин” тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатда кўзда тутилаётган янгиликлар ҳақида Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Равшан Бегматов қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Қуйи палатамизда қабул қилинган ушбу қонун лойиҳаси билан бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 январда қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган. Мазкур қарорда белгиланганидек, туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида “Сувни етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ташкил этилди. Ушбу давлат муассасаси эндиликда қуйи бўғингача бўлган сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш хизматларини кўрсатади.

Амалда сув етказиб бериш хизматлари учун фермерлар томонидан ҳақ тўланар эди. Шу билан бирга, сувдан фойдаланганлик учун солиқ ҳам тўланарди. Энди ушбу қонун лойиҳаси билан сув етказиб бериш хизматларига ҳақ тўлаш бекор бўлмоқда, фақат солиқ тўланади холос. Ушбу тўланган солиқ тушумларининг 40 фоизи сувни етказиб бериш хизматларини такомиллаштиришга йўналтирилади. Бунга ички тармоқларни бетонлаш, тозалаш, истеъмолчиларга сув лимитларини ишлаб чиқиш, етказиб бериш хизматларини амалга ошириш кабилар киради.
Яна бир ўзгартишлардан бири, эндиликда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув истеъмолчиларига нисбатан сув олиш лимитларини халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан тасдиқлаш масаласидир. Бу нима беради? Бу сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уни бошқаришни такомиллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, сувни қуйи бўғинларгача етиб боришини таъминлашда жамоатчилик назоратини ҳам кучайтиради.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.