Илгари аёл кишининг раҳбар бўлиши истисно сифатида қабул қилингани ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизда аёлларнинг раҳбарлик қилиш анъанаси яқин-яқиндан пайдо бўлган. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда раҳбар лавозимларда ишлаётган аёллар улуши — 35 фоизга етказилган. Сиёсий партияларда хотин-қизлар улуши 47 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорлик фаолиятида эса 37 фоизга етган.
Гендер тенглик соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни ва мавқеи ортиб бораётгани ҳам давлат сиёсатини шакллантиришда ва қарорлар қабул қилишда уларнинг фаол иштирок этишини таъминлайди.
Аслида бугуннинг аёли нималарга қодир? Қандай ишларни бажаришга қурби етади? Раҳбар аёл бошқарувининг афзалликлари нимада? Аёл раҳбарларнинг бошқарув услуби эркак раҳбарларнинг бошқарув услубидан нимаси билан фарқ қилади?
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова раҳбарлик масъулияти, жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш самаралари хусусида қуйидагиларни гапириб берди:
– Ҳақиқатан ҳам замонавий давлатчилигимизда 40-50 йил аввал аёлларнинг юқори лавозимларни эгаллагани камёб ҳодиса саналган, – дейди мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. – Лекин узоқ тарихимизда хотин-қизлар давлат ва жамият ҳаётида муҳим роль ўйнаган. Буни массагетлар маликаси Тўмарис жасорати, Соҳибқирон Амир Темур саройидаги Бибихоним фаолияти мисолида яққол кўриш мумкин.
Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган янги Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларнинг илм олиши, жамиятда мустаҳкам ўрин топиши, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳар қанча эътирофга лойиқ. Бугунги кунда сенатор ва депутат аёллар Олий Мажлис палаталарида, маҳаллий Кенгашларда халқ вакиллари сифатида сиёсий ва ижтимоий ҳаётда ҳал қилувчи овозга эга. Ижро тизимида ҳам хотин-қизлар улуши йил сайин ортмоқда. Вазирлик ва идораларда, туманлар ҳокимликларида аёллар биринчи раҳбар сифатида иш олиб бормоқда. Буларнинг барчаси юксак ишонч самараси десак янглишмаган бўламиз. Энди шу ишончга муносиб жавоб бериш учун сидқидилдан ишлаш зарур.
Яхши биласизки, мактабгача ва мактаб таълими тизимида миллион нафарга яқин педагог фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг аксариятини аёллар ташкил қилади. Хотин-қизлар ишлаш учун кўпроқ таълим тизимини танлаши ҳам бежиз эмас. Чунки аёллар келажагимиз эгаларига нафақат билим беради, балки оналик меҳрини ҳам улашади. Шунинг учун деярли барчамиз биринчи ўқитувчимизни онамиздек эъзозлаймиз, ҳамиша ёруғ хотиралар билан ёдга оламиз. Бу эса хотин-қизларнинг таълим тизимидаги умри, меҳнати бесамар кетмаётганидан, миллионлаб кўнгилларга ёқимли таассуротлар билан муҳрланаётганидан далолатдир.
Фикримча, аёллар раҳбарлик қилаётган ташкилотда тартиб-интизомга биринчи навбатда эътибор қаратилади. Қолаверса, хотин-қизлар раҳбарлик қилган жамоада таъмагирлик балоси деярли учрамайди. Бу фикрни давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.
Тажрибамдан келиб чиқиб шуни айта оламанки, аёл раҳбар ходимга бирор вазифа топшираётганда унинг имкониятларини эътиборга олади. Берилаётган топшириқни бажаришга лавозим мажбурияти юзасидан ўша ходим масъул бўлиши мумкин. Аммо касбий салоҳияти етмаслигини билса, аёл раҳбар ходимни қийнаб, самарасиз вақт сарфлагандан кўра, вазифа ижросини бошқа масъул орқали таъминлашни маъқул билади. Ҳам ходимни аяйди, ҳам вақтни тежайди.
Раҳбар аёл кишими ёки эркакми, муҳими жамоани жипслаштириб, бирдамликда ишонч билан белгиланган мақсадларга сафарбар қила олиши лозим. Бу борада бошқарувчи шахсий ибрат бўлиши, фидойилик кўрсата олиши керак. Шундагина ҳамкасбларни ўз ортидан эргаштира олади.
Раҳбар аёл киши бўла туриб қатъият билан бирор мақсадга интилса, унинг жамоаси икки карра масъулият билан ишлайди, деб ўйлайман. Мен ҳарбий оилада вояга етганман. Ота уйимдаги муҳит мени қатъий тартиб-интизомга ўргатган. Раҳбар аёл боши билан жон куйдиряптими, атрофидаги чинакам эркаклар асло қараб турмайди. Улар ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда аёлларга кўмак беришга, тиргак бўлишга тайёр бўлади. Шуни ишонч билан айта оламанки, атрофимдаги жамоа аъзоларим доим қўллаб-қувватлашга тайёрлигини ҳис қилиб тураман. Бу менга қарорлар қабул қилишда куч беради.
Бугун опа-сингилларимиз қўл урмаган замонавий соҳа йўқ ҳисоби. Давлат-нодавлат ташкилотлар, илмий, инновацион, молиявий, дастурлаш каби мураккаб тизимларда ҳам, ҳатто илғор хорижий компанияларда ҳам улкан муваффақиятга эришаётган ўзбекистонлик аёллар кўп. Ижтимоий тармоқлар орқали юртимиздаги илғор хотин-қизлар рўйхати эълон қилинди. Ўша рўйхатнинг ўзидан ҳам аёллар эришаётган ютуқлар ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлиш мумкин. Буларнинг барчаси юртимизда инсонни улуғлаш тамойили айнан аёллар қадрини юксалтиришдан бошланганини кўрсатиб турибди.
Замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” стратегиясида ҳам мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда болаларнинг тўлиқ қамровини таъминлаш мақсади қўйилган.
Шунингдек, Президентимиз байрам муносабати билан йўллаган табрикларида ҳам қайд этилганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, кейинги 5 йил ичида Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи икки баравар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 минг нафардан ошди. 200 мингга яқин аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. 400 минг нафардан ортиғи иш билан таъминланди.
Бу рақамларни айтиш осон, лекин ҳар бирининг ортида давлатнинг фаол қўллаб-қувватлови, ўз вақтида амалга оширилган кенг қамровли чора-тадбирлар, комплекс ёндашув мужассамлигини англаш лозим. Бундай катта эътибор сабаб хотин-қизларнинг бугунги ютуқлари эртангиси олдида тетапоя бўлиб қолишига ишонаман.
Эрталаб ишига ошиқадиган, кечқурун уйига талпинадиган инсон бахтиёрдир. Меҳнат фаолиятидаги ютуқларнинг қуввати оиладан олинади. Оила берган меҳр тафти кун давомида қалбингни нурлантириб туради. Ишингдаги кичик ютуқ ҳам оилангга катта қувонч улашади. Бу бахтни ҳамиша ҳис қилиб, ардоқлашга интиламан.
Ўз ишини севиб, шу даргоҳга ошиқадиган раҳбарни ишхонасида хайрли янгиликлар, хайрихоҳ жамоаси кутмоқда. Оиласида эса меҳрибонлари қарши олади. Мана шундай муҳитда яшаётган одам учун ҳар бир кун сермазмун, ҳар бир лаҳза қадрли. Ҳаёт сийлаган кишиларнинг деярли барчаси ана шу зайлда умр кечираётганига аминман. Шу ўринда такрор бўлса ҳам айтаманки, ҳар дақиқада Президентимиз ишончини ва бу ишончга муносиб бўлишни юракдан ўтказиб яшайман. Юртимизга, юртбошимизга, таълим тизимига садоқат билан хизмат қилиш чинакам масъулият ва шараф!
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА