Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари
Камола Ирисқулова Сирдарё вилояти Оқолтин туманининг чекка маҳаллаларидан бирида ўсиб-улғайди. Тумандаги 14-умумтаълим ўрта мактабини аъло баҳоларга битириб, 2019 йилда Жиззах давлат политехника институтининг транспорт факултетига ўқишга кирди.Иқтидорли қиз тез орада ўзининг билим салоҳияти, жамоат ишларида фаол иштироки билан институт раҳбариятининг назарига тушди.

3-курсда Беруний номидаги стипендия соҳибасига эга бўлди. 2023 йилда Политехника институтини муваффақиятли тугатди. Ҳозир Тошкент давлат транспорт университетининг магистратурасида таҳсил олиш билан бирга, илмий изланишлар олиб бормоқда. Камоланинг 40 дан зиёд илмий мақоласи хорижий ва маҳаллий журналларда чоп этилди.Ушбу мақолалар унинг илм билан астойдил машғул эканлигига исботдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 мартдаги фармонига кўра, Камола Ирисқулова Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.Ота-она учун фарзандининг улкан ютуқларини кўриш ҳам бахтнинг бир кўринишидир, десак, муболаға бўлмас.Тўғрида, олис бир қишлоқнинг оддий пайвандчиси Нормат ака ва боғчада тарбиячи бўлиб ишловчи Дилфуза опанинг қизи Давлат мукофотига сазовор бўлиб турса, Президентнинг шахсан ўзи қизининг кўксига нишонни тақиб қўйса...Бундан ортиқ бахт борми?!

–Мукофотни шахсан давлатимиз раҳбаридан қабул қилиб олар эканман, улар менга қарата “Камолахон қизим, табриклайман, ютуқларингиз бардавом бўлсин. Илм йўлидан бораяпсиз, бу анчайин мушкул иш. Лекин ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтаманг. Сиз билан кўришишимиз охиргиси эмас, бошланиши бўлсин. Сиз ҳаракатдан тўхтаманг, мен медаль тақишдан чарчамай” дедилар. Президентимизнинг бу сўзларини мен ўзим учун қайсидир маънода менга берилган қатъий топшириқ, деб қабул қилдим. Президентимиз гўё кўксимга масъулиятни тақиб қўяр эканлар, порлаб турган қуёш каби ўзим тенги ёшларни ҳам илм нурларидан баҳраманд этиб, уларнинг ҳам юртимиз равнақига ҳисса қўшишида имкониятларимни тўлиқ сафарбар этишга аҳд қилдим.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири