Автомобиль йўллари қўмитаси ташаббуси билан қўмита ва унинг таркибидаги корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимларининг билимини мустаҳкамлаш, фаоллигини ошириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйиннинг Жиззах вилоят ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтди.
Йўл соҳаси фидоийларининг билимини юксалтириш, уларнинг китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйиннинг Жиззах ҳудудий босқичида 14 та жамоанинг 84 нафар ишчи-ходими иштирок этди. Эътиборлиси, улардан 12 нафари хотин-қиздир. Мантиқий, тарихий ва соҳага оид тузилган саволлар иштирокчиларнинг фаоллигини янада оширди.
– “Заковат” интеллектуал ўйинида ходимларимиз фаол тайёргарлик кўриб, саволларга аниқ жавоблар берди, – дейди Жиззах вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси касаба уюшмаси раиси Холйигит Бекназаров. – Бу ташаббус келажакда ходимларимизга ўз билимларини мустаҳкамлашга, юрт тарихини билишга замин бўлади.
Иштирокчиларнинг билимлари 3 та ўрин ва 4 та номинация бўйича баҳоланди. Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, Арнасой туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси жамоаси 1-ўринни қўлга киритиб, баҳс ғолибига айланди. 2-ўрин Зафаробод тумани жамоасига насиб этган бўлса, 3-ўринга минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси жамоаси лойиқ топилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bIh5eGV-VH4" title="Yoʻlsozlar «Zakovat»da" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– Ушбу “Заковат” интеллектуал ўйинини ташкиллаштирган барча ташкилотчиларга самимий миннатдорлик билдираман, – дейди мусобақа ғолиби Арнасой ТЙФДМ жамоаси вакили Абдуқодир Усмонов. – Кўпроқ мантиқий саволлар бўлди. Китоб ўқиганлар саволларга аниқ жавоблар топди. Тўғри, бошида бироз қийналдик. Аммо кейин ўзимизни қўлга олиб, аниқ жавоблар бердик. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, ғолибликни қўлга киритдик ва бундан жуда ҳам хурсандмиз.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, “Энг ёш китобхон”, “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг ҳозиржавоб китобхон” ва “Энг фаол иштирокчи” номинациялари соҳиблари ҳам муносиб тақдирланди. Тадбир иштирокчиларининг барчасига бадиий китоблар жамламаси совға қилинди.
Албатта, бу ташаббус соҳа ходимларининг билим ва тафаккурини бойитишга хизмат қилиши, шубҳасиз. Энди билимдонлар орасидан вилоят терма жамоаси саралаб олинади ва улар билимлар беллашувининг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (+видео), ЎзА мухбирлари