Тошкент шаҳар судида “Док-1 макс” дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунига етди.
Мазкур жиноят оқибатида 86 нафар бола жабрланди. Улардан 68 нафари вафот этган ва 16 нафари оғир, 2 нафари енгил тан жароҳати олган.
Бу Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 макс” сиропи ва бошқа дори воситалари истеъмол қилингани оқибатида рўй берди. 2022 йилнинг куз ойларида юз берган мазкур нохуш воқеа ортидан Давлат хавфсизлик хизмати жиноят иши қўзғатиб, тергов ҳаракатларини олиб борди.
"Док-1 макс" иши бўйича суд жараёни 2023 йил 11 август куни бошланган эди. Иш бўйича дастлаб 21 нафар айбланувчи суд олдида жавоб берган бўлса, суд тергови пайтида ишга алоқадор бошқа шахслар ҳам аниқланди. Кейинчалик эса судланувчилар сони 23 нафарга етди.
Ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:
"Quramax Medikal" МЧЖ директори бўлиб ишлаган, ҳиндистонлик Сингх Пратапга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Қолган судланувчилар Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, улардан Б.Камбаралиев (“Quramax Medikal” МЧЖ савдо директори лавозимида ишлаган)га 4 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди;
Н.Мирзааҳмедова (“Quramax Medikal” МЧЖ рўйхатга олиш бўйича менежери лавозимида ишлаган)га 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Н.Мирзааҳмедовага нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.
Э.Мирзааҳмедов ("Quramax Medikal" МЧЖ бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган)га 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди;
С.Кариев (Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган)га 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди;
А.Азимов (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган)га 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди;
Н.Мусаев (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ўринбосари, Фармакопея қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимларида ишлаган)га 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди;
Г.Салиева (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ёрдамчиси, рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган)га 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 1 йил 10 ой 10 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди;
Ш.Шодманов (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими вице-бошлиғи лавозимида ишлаган)га 16 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди;
Ж.Эркиний (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган)га 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 4 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди;
С.Саидов (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси раиси лавозимида ишлаган)га 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди;
Ж.Шамшетов (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган), А.Жалилов (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакопея қўмитаси етакчи мутахассиси лавозимида ишлаган) ва Г.Халилова (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси етакчи мутахассиси)га 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди;
Г.Болтабаева (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси мудири)га 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди;
М.Ҳамдамов (“Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори лавозимида ишлаган)га 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 2 йил 10 ой 1 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди;
Ш.Холмуродов (“Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари лавозимида ишлаган)га 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 4 ой 24 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Н.Шукуруллаева (“Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари)га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 110 баравари миқдорида, яъни 33 миллион сўм жарима жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан 17 миллион 190 минг сўм жарима жазоси қолдирилиб, тайинланган жаримани давлат фойдасига ундириш белгиланди;
Ш.Абдуғаниев (“Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаган), Ф.Файзиев (“Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган) ва И.Мирзаёқубов (“Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган)нинг ҳар бирига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди;
Ф.Толипов (“Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси, Фармакология қўмитаси бош мутахассиси лавозимларида ишлаган)га 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Ф.Назаров (“Origin Solution” ва “Medreg” МЧЖлар директори)га нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Судланувчилар С.Пратап, Н.Мирзааҳмедова, С.Кариев, А.Азимов, Н. Мусаев, Ш.Шодманов ва Ж.Эркинийдан солидар тартибда “Док-1 макс” ва “Амбронол” дори воситаларидан заҳарланиб, вафот этган 68 нафар марҳум ва 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан, соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 миллион сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 миллион сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланди.
Судланувчи Ш.Шодмановдан олган пора миқдори қиймати – 881 миллион 814 минг сўмни, судланувчилар А.Азимов ва Н.Мусаевдан солидар тартибда – 93 миллион 810 минг сўмни давлат фойдасига ундириш белгиланди.
Жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига жиноят доирасида етказилган моддий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишлар бўйича судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
С.Пратап, Б.Камбаралиев ва Э.Мирзааҳмедовдан солидар тартибда 5 миллиард 420 миллион 177 минг 400 сўм солиқ қарздорлиги давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.
Судья биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида апелляция тартибида ёки ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида Тошкент шаҳар судига шикоят бериши, прокурор протест келтиришга ҳақли эканлигини маълум қилди.
Суд мажлиси тугагач, жабрланувчилар билан суҳбатлашдик.
– Судья ким ҳақ, ким ноҳақ эканини яхши билади, албатта, – дейди жабрланувчилардан бири Азамат Ўтемуродов. – Бундай жиноят учун қонунчиликда 20 йилгача назарда тутилган экан. Иложи борича максимал жазо берди. Жабрланувчиларга бир миллиард сўмдан маънавий зарар берилиши айтилди. Лекин ўғлим тирилиб келсаю, бир марта “дада” деса, бунинг олдида ҳар қандай миллиардлардан устун эди. Афсуски...
– Суд адолатли ўтди, деб ўйлайман, – дейди жабрланувчилардан яна бири Бўтакўз Жумағалиева. – Судьядан миннатдормиз, бизнинг ёнимизда туришга интилди. Бироқ, боламнинг соғинчи, изтироби 1,5 йил ўтса ҳам ҳали босилмади. Бу туйғуни сўз билан ифодалаш жуда қийин... Бандамиз, кўнмай иложимиз йўқ. Катта ўғлим ҳали ҳам укасини қидиради...
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TqwWQxIu2jU" title="“Dok-1 maks ishi”: sudlanuvchilarga 20 yilgacha ozodlikdan mahrum qilish jazosi tayinlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов( видео),
ЎзА мухбирлари