Юртимизда театр санъатининг илк куртаклари халқ орасида "қизиқ" ёки "масхара" номи билан танилган артистлар томонидан тўй-сайилларда, подшолар саройида қўйилган саҳнавий кўринишларга бориб тақалади. ХIХ аср охири - ХХ аср бошларига келиб, Ўзбекистонда театр жадидлар учун ўз ғояларини халқ онгига тушунарли ва таъсирчан усулда етказиш воситасига айланди. Бир вақтнинг ўзида кўпчиликка таъсир қилувчи санъатнинг бу тури ривожида Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Мунавварқори сингари алломаларнинг ҳиссаси катта.
Беҳбудий қаламига мансуб "Падаркуш" драмасининг саҳналаштирилиши эса ўша даврдаги энг катта ҳодисалардан бири бўлган. Бугун эса республикамизда 40 га яқин профессионал давлат театрлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда минг-минглаб мутахассислар ишлайди.
Бугунги лавҳамизда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, Ўзбекистон давлат драма театрининг Бош режиссёри - Олимжон Салимов билан бўлган суҳбатимиз аввалида Туркистонни озод ва обод кўришни орзу қилган, шу мақсадда курашган, жадидларнинг кўмаги билан ўтган асрда Германияда ўқиган талабаларнинг ўз юртидаги аччиқ қисмати акс этган "Туркистон болалари" спектакли ҳақида суҳбатлашдик.
Дарҳақиқат, кино ёки концерт томошаларини телевидение ёхуд интернет орқали томоша қилиш, зарур бўлса улардан нусха кўчириб олиш мумкин. Лекин театр шу қадар нозик санъат турларидан саналадики, томошабин роль ижро этаётган актёрларнинг нигоҳи ва нафасини, ҳар бир сўзию хатти-ҳаракатини жонли тарзда кўриб, ҳис қилиб туради. Кўз олдида саҳна туради, шу ерда актёрлар билан бирга яшайди, йиғлайди, кулади...
Театр санъатида устоз-шогирдлик анъаналари ҳозиргача сақланиб қолган. Авлодлар оша берилаётган билим ва кўникмалар қанчалик кучли бўлмасин асли маҳорати, қобилияти йўқ ёш актер, актрисаларнинг ижоди кўпга бормаслиги, уларнинг санъати арзонгаровга айланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Ўзининг ҳар қандай манфаатларидан, зарур бўлганида инсоний эҳтиёжларидан ҳам кечолган, ўзини шу санъат йўлида қурбон қилишга тайёр бўлган актер ва актрисаларгина халқ ичида ҳурмат қозониши, санъатда ҳам ўзининг ўчмас изини қолдириши мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qG7nrgqMokE" title="Olimjon Salimov: San’atimizda fidoyi shaxslar yetishmayapti..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маданият соҳасини янада ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Намойиш этилаётган ҳар бир спектаклда ҳаётий воқеалар асосида тарбиявий унсурлар онгимизга муҳрланади. Лекин бугун ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган ахборот технологиялари ушбу санъатни бироз чекинишга мажбур қилгандек. Доим мухлислар билан тўлиб, баъзан билет етмасдан балконлардан томоша қиладиган шинаванда томошабинлар ўрни ҳувуллаб қолгандек. Рости кўпчилигимиз охирги марта қачон театрга тушганимизни эслай олмасак ҳам керак.
Биз томошабинлар ҳақиқий санъат асарларини кўрганимиздагина, бизда танлов ва баҳолай олишга имконият бўлади. Сон-саноқсиз кино, спектакль, сериаллар аслида бизга ўзлигимизни, онгимизни савиямизни кўрсатиб бераётганини англаб етамиз.
Санъат эса ўз ўрнида устоз режиссёр Олимжон ака Салимов айтганларидек ўзининг фидоий шахсларига муҳтож...
Биз билан жараёнларни кузатишда давом этинг! Ўзингиз ва яқинларингизни эътиборсиз қолдирманг.
М.Турдалиева, У.Тўхтаев (видео), ЎзА