Жорий йилнинг 20 февраль куни Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилноза Ҳусанова билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.
— Видеоселекторда “ихтисослашган тутинган оила” тизими жорий этилиши белгиланди. Бу тизим қандай амалга оширилади ва тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
— Халқаро миқёсда бундай оилалар Фостер оилалар деб аталади. Ўзбекистонда илк жорий этилаётган бундай оилаларга 3 тагача бола берилади. Фостер оилалар эр-хотин ёки ёлғиз аёл, ёлғиз эркак ҳам бўлиши мумкин. Улар ўзлари яшаб турган уй ёки махсус тақдим этилган уйларда тутинган ота-оналик фаолиятини амалга оширади. Муҳими, бу инсонларда болани тарбиялай олиш, меҳр бериш, ғамхўрлик кўрсата олиш кўникмаси бўлиши ва уларнинг ёши 30 ёшдан 65 ёшгача бўлиши лозим. Энг асосийси, психология, педагогика, тиббиёт йўналишидаги мутахассислик ва махсус билимларга эгалиги жуда муҳим.
Тутинган ота-оналикка номзодлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қошидаги Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш маркази томонидан ташкил қилинган махсус курсларда ўқитилади. Уларга болалар парвариши билан шуғулланаётгани сабабли меҳнат ҳақи тўланади. Болалар таъминоти учун давлат томонидан тегишли миқдорларда молиявий ёрдам белгиланади.
— Бундай оилалар ташкил қилишнинг муҳим жиҳати нимада?
— Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги қошида Вояга етмаганлар учун ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари мавжуд. У ерга назоратсиз ёки қаровсиз қолган болалар жойлаштирилади. Бу Марказ ёпиқ муассасалар туркумидан бўлиб, у ерда ҳам қатор ислоҳотлар олиб бориш керак бўлади. Сабаби, у ерда тўлиқ давлат таъминотида бўлишига қарамасдан бола таълим ва жамиятдан ажралиб қолади. Тутинган оилаларда эса бола ота-она меҳри, ғамхўрлиги, парвариши остида оила тафтини ҳис қилади. Муҳими, бола учун руҳий жароҳат камроқ бўлади. Тутинган оила зўравонлик ёки бефарқлик жабрланувчиси бўлган, ўз оиласидан бола соғлиғи ва ҳаёти учун хавф бўлганда ажратиб олинган болалар учун нафақат вақтинча бошпана вазифасини ўтайди, балки бу болага терапевтик ва реабилитацион ёрдам кўрсатадиган масканга айланади.
– Эндиликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга кўмаклашиш тизими ҳам ўзгаради. Илгари бундай болаларга 18 ёшгача кўмаклашилган бўлса, энди уларни қўллаб-қувватлаш 23 ёшгача этиб белгиланади. Бу амалиёт қандай татбиқ этилади?
– Саволингизга ўз ҳаётимиз мисолида жавоб бериб ўтсам. Қонунчиликда бола 18 ёшдан сўнг мустақил деб белгиланган бўлсада, ҳеч бир ота-она фарзандини шу ёшдан ғамхўрликсиз ташлаб қўймайди. Болаларимиз ҳар соҳада ота-она кўмаги ва қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади барибир. Айниқса, ҳеч кими йўқ, қаерга боришни, кимга суянишни билмайдиган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг бу ёшда ёлғиз қолишини тасаввур қилиб кўринг. Эндиликда, бундай болалар “Ёшларга ҳамроҳлик хизматлари” асосида 23 ёшгача қўллаб-қувватланади.
Ушбу Хизмат томонидан 23 ёшгача бола ўзини тиклаб олгунига қадар унинг эҳтиёжлари ўрганилиб, якка тартибдаги интеграция режаси асосида уни касб-ҳунарга ўргатилади. Шу билан бирга, қизиқиши бўйича таълим олиши, турар жойга муҳтож болаларга қонунда ўрнатилган тартибда уй-жойга эга бўлиши ёки бошқа мулкий ҳуқуқларини тиклашда, қариндошлари билан муносабатларини тиклаш каби зарурияти таъминланишида кўмаклашилади.
– Ижтимоий ходимларнинг бундай вояга етмаганлар билан ишлаш соҳасида вазифалари нималардан иборат бўлади?
– Тутинган ота-она бағрида ўсаётган болаларимизни ҳеч кими йўқ, дея олмаймиз. Уларнинг яқин ёки узоқ бўлса ҳам қариндошлари бор. Яхшими, ёмонми ҳар бир бола ўзининг ота-онаси кимлигини билишга, у билан мулоқот ўрнатишга интилади. Баъзида эса болага давлат томонидан молиявий кўмак ёки уй-жой берилганида қариндошлари пайдо бўлиб қолади. Ҳатто улар томонидан боланинг манфаатлари суиистеъмол қилинган холатлар бўлади. Ижтимоий ходимлар бу ва бошқа хавф омилларидан 23 ёшгача болаларни ҳимоялаш, уларда ҳаётга мослашишларига ёрдам берувчи кўникмаларни шакллантириш билан шуғулланади.
— Ижтимоий етимликнинг олдини олиш учун яна қандай ишлар йўлга қўйилиши муҳим деб ҳисоблайсиз?
– Энг самарали йўли бу аёллар фарзандидан воз кечаётгани сабаблари, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолиш омиллари, вақтида ёрдам кўрсатилса болани она бағрида сақлаб қолса бўладими каби жиҳатларини ўрганиш. Мана шу мулоҳазалар ҳам бевосита чақалоқлик пайтида фарзандидан воз кечаётган ота-оналар билан ишлашни тақозо этади. Айнан шу йўналишда ҳам Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан изланишлар амалга оширилмоқда. Болалар уйи негизида Оилани қўллаб-қувватлаш хизматлари бўлади. Хизматларни ташкил қилиш ҳисобига болалар ўзининг ота-онасига қайтарилиши фаоллашади. Агарда ота-онага қайтариш имкони бўлмаса, бошқа тутинган оилаларга жойлаштириш ишлари амалга оширилади.
Шу Хизмат ичида қийин вазиятдаги ёш оналарни қўллаб-қувватлаш, гўдаклар етим қолишининг олдини олиш учун “Оналар маскани” хизмати ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Агар илк фарзандини дунёга келтираётган аёллар боласидан турли сабаблар туфайли воз кечиш истагини билдирадиган бўлса, “Оналар маскани” уни фикридан қайтариш, боласига нисбатан оналик меҳри ва парвариш кўникмаларини ошириш, унинг ҳуқуқий, психологик, ижтимоий ва бошқа муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашилади.
Аёллар ҳомиладорликнинг 6-ойидан то бир йил давомида “Оналар маскани”га қабул қилиниб, уларда фарзандига нисбатан ҳиссий боғланишни шакллантиришга кўмаклашилади. Шунингдек, боланинг отаси билан боғланиб, унинг фарзанди олдидаги мажбуриятини эслатиш, аёлдан воз кечаётган қариндошлар билан ҳам ишлаб, она-бола ва қариндошлик ришталарини сақлаб қолиш ёки тиклашга эътибор қаратилади.
Умид қиламизки, бу каби ишлар кўплаб болаларнинг ўз оиласи бағрида яшаб қолишига уларнинг кўчага хавф шароитига ташлаб кетилишининг олдини олишга катта ёрдам беради.
Зеро, қонунчилигимизда ҳар бир бола ўзининг оиласи, ота-онаси билан бирга яшаш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланишга ҳақли экани белгилаб берилган.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.