Республикада туризмни ривожлантириш жуда катта иқтисодий самара бериши барчага аён. Туризм ривожида эса гидларнинг аҳамияти катта. Гидлар сайёҳларга мамлакатимиздаги тарихий обидалар, тарихий шахслар, давлатнинг ҳудудий ва маъмурий тузилиши, шунингдек, урф-одатлар ва анъаналар тўғрисида маълумот берувчи шахсдир.
Бутунжаҳон гидлар куни муносабати билан ўтказилган “VII Ўзбекистон гидлари халқаро форуми – 2024”да таъкидланишича, ўтган 2023 йил 30 ноябрда гид-таржимонлар учун муҳим бўлган ҳукумат қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур ҳужжат билан гид-таржимонларга малака сертификатларни бериш бўйича давлат хизматини амалга ошириш регламенти тасдиқланган. Эндиликда гид-таржимонларга малака сертификатини ошириш учун ариза ҳамда малака имтиҳонларини ўз ҳудудида топшириш имконияти яратилди.
Аксарият ҳолатларда гидларнинг фаолияти мавсумий ҳисобланади. Мавжуд қонунчиликка кўра, мавсум паст бўлган вақтларда гидлар фаолиятини вақтинча тўхтатиш тўғрисида билдиришнома юборган ҳолда солиқ идораларини огоҳлантириши мумкин. Бунда меҳнат фаолияти амалга оширилмайдиган даврда ижтимоий солиқни тўлаш тўхтатиб турилади.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт старатегиясида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида ҳам маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллион нафардан ошириш ҳамда республикага ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини 9 миллион нафарга етказиш режалаштирилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OX8_LoiPwbk" title="Oʻzbekiston turizmida gidlik faoliyati qay darajada tashkil etilgan?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– Биринчи навбатда туристик салоҳиятни ўрганишимиз, янги туристик объектларни топишимиз керак дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиратбай Шарипов. – Мавжуд материалларни 12 та тилга таржима қилиш лозим. Келажакда ҳар қандай туристга юқори, сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этиш керак. Яъни, гидлар билан биз “қўлни-қўлга бериб” ишлашимиз керак. Лекин, афсус гидлар ҳар хил маълумот беради. Шунинг учун ОТМ ларда ҳам Туризм қўмитаси томонидан тайёрланган услубий қўлланмалар бўлиши керак ва зарур маълумотларни отмлар ҳам тарқатиши керак.
Қайд этилишича, гидларнинг етишмаслиги Ўзбекистонда энг катта муаммолардан бири бўлиб келган.
– Тарихий обидаларга гид билан ташриф буюрган бошқа, ўзи саёҳат қилган бошқа дейди Туризмни ривожлантириш илмий тадқиқот институти бўлим бошлиғи Барно Мамметова.– Соҳада фаолият олиб бормоқчи бўлган гидларга қўйиладиган талаблар бор. Энг аввало гидлар, албатта 2-3 та хорижий тилни билиши керак. Зеро бизда ички сайёҳлардан ташқари, ташқи сайёҳлар ҳам бор. Улар албатта чет тили билан биргаликда ва тарихни ҳам мукаммал ўзлаштириши лозим. Бугун Ўзбекистон бўйлаб 2,5 минг нафарга яқин гид фаолият олиб боради. Аммо уларнинг барчаси ҳам сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатади деб айта олмаймиз. Шуни унутмаслик кераки, айнан гид хизмати туризм сифатини белгилаб берувчи омиллардан бири ҳисобланади. Мамлакат тарихини хорижий тилларда ҳам қизиқарли қилиб етказа оладиган ва барчани бирдек жалб қила оладиган гидларга ҳамиша талаб юқори.
Шунингдек, мамлакатимизда 1 минг 300 га яқин зиёратгоҳ бор. Таъкидланганидек, айниқса зиёрат мақсадида келган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмайди. Бунда эса малакали мутахассислар ва гидларнинг хизмати катта.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА