Ҳиндистондаги халқаро кўргазмада вакилларимиз 2 миллион долларлик келишувга эришди
Ҳиндистонда бўлиб ўтган “Acrex India-2024” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон вакиллари янги ҳамкорлар билан экспорт келишувига эришди.
40 дан зиёд давлат иштирокидаги совутиш, иситиш, вентиляция ва интеллектуал қурилиш технологияларига бағишланган мазкур кўргазмада “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси аъзоси, “Infinity Copper Group” (ICG) компанияси мисдан тайёрланган юқори қийматли буюмларни намойиш этди.
Самарали музокара натижасида “ICG” делегацияси ва Ҳиндистоннинг икки компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Келишув доирасида мамлакатимиздан ушбу давлатга қиймати 2 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериладиган бўлди.
“Infinity Copper Group” сўнгги йилларда юртимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити, халқаро ҳамкорлик учун яратилган кенг имкониятдан унумли фойдаланиб, рақобатбардош маҳсулоти билан халқаро бозорга дадил кириб бормоқда. Компания ўтган йил хорижга қарийб 85 миллион долларга тенг мис қувур экспорт қилди. Жорий йил эса Европа ва Африка давлатлари, шунингдек, АҚШ ва Ҳиндистонга маҳсулот сотиш йўлга қўйилди.
ЎзА