Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан Гулистон тумани ҳокими Ўлмасжон Мамадаминов ташаббуси билан энг китобхон маҳалла раислари танлови ўтказилди.
Тумандаги 26 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари “Энг яхши китобхон маҳалла раиси” танловига бир ой мобайнида тайёргарлик кўрди. Уларга бадиий китоблар рўйхати тақдим этилиб, шу асарлар юзасидан савол-жавоб қилиниши айтилди.
Туман Марказий маданият уйида ўтказилган танловда маҳалла фуқаролар йиғини раислари чекига тушган саволларга жавоб бериб, нечоғли бадиий адабиётга, наср ва назмга яқинлигини кўрсатишди. Албатта, сўзамоллик эмас, асарлар ҳақида аниқ-лўнда фикрлар инобатга олинди.
[gallery-15988]
Ҳайъат аъзолари 1-ўринга “Ишонч” МФЙ раиси Валижон Ҳаитов, 2-ўринга “Аҳиллик” МФЙ раиси Усупжон Милтиқбоев, 3-ўринга “Дўстлик” МФЙ раиси Тоҳиржон Мирзаевни лозим кўришди.
Ғолибларга туман ҳокимининг ташаккурномаси ва ташкилотчиларнинг совғалари тақдим этилди.
–Танлов кейинги чоракда ҳам ўтказилади. Унда ҳайъат аъзолари холислик билан “Китоб ўқимайдиган маҳалла раиси” номинациясини ҳам аниқлаб беради, – деди туман ҳокими Ў.Мамадаминов.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири