2024 йилги Давлат дастури тўғрисидаги Президент фармони лойиҳаси муҳокамалар порталига жойланди.
Унда қайд этилишича, Тошкент шаҳар атрофидаги чекка ҳудудларни метро бекатлари билан боғлаш учун экспресс автобус қатновлари йўлга қўйилади.
Шунингдек, жамоат транспортини бошқаришнинг ягона интеллектуал тизими жорий этилади. Шаҳар атрофи ҳудудлари жумладан, “Назарбек” ҳудудидан Чорсу ва Пахтакор метро бекатигача ҳамда “Учқахрамон” ҳудудидан Юнусобод деҳқон бозори ва Шаҳристон метро бекатигача алоҳида экспресс автобус йўналишлари ташкил қилинади.
Тошкент шаҳрида тирбандликларнинг олдини олиш учун қуйидаги ишлар қилинади. Жумладан, транспорт оқимини таҳлил қилган ҳолда айрим кўчаларда бир томонлама ҳаракат ташкил этилади. Олий таълим муассасаларида ўқиш вақтларини мақбуллаштириш ҳисобига тиғиз вақтларда транспортга бўлган юклама камайтирилади.
Тиғиз вақтларда катта ҳажмли ва оғир вазнли юк автомобилларининг ҳаракатланиши чекланади ёки тартибга солинади. 255 та чорраҳа ва кесишмалар мувофиқлаштирилган светофор бошқаруви – “ақлли светофорлар” тизимига ўтказилади. Камида 10 та кўчада йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари ташкил этилади, шаҳарга кирувчи асосий автомобиль йўлларида вазн ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ташкил этилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА