Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, палатадаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитов Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги "Fazman tekstil" масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, йирик текстиль корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Корхонада Германиянинг "Карл гросс", "Дигель" каби жаҳонга машҳур брендлари номи остида эркаклар ва болалар костюм-шимлари ишлаб чиқарилмоқда. Айни вақтда йирик лойиҳанинг ишга туширилган биринчи босқичи доирасида 500 киши меҳнат қилмоқда. Корхона лойиҳасининг навбатдаги босқичлари 2024-2025 йиллар давомида тўлиқ ишга туширилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 3 мингта янги иш ўрни яратилади. Лойиҳани амалга ошириш учун Германия ва Туркия давлатларидан замонавий асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилган. Корхона йилига бир миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, йиллик экспорт ҳажми 15 миллион долларни ташкил этади.
[gallery-15760]
Спикер ўринбосари Актам Хаитов Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаев ҳамроҳлигида корхона ишчи- ходимлари билан мулоқотда бўлди.
Учрашувда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган сайъ-ҳаракатлардан асосий мақсад халқимизнинг рози қилишдир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири