Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида 2024/2025 ўқув йили учун “Тергов фаолияти” бакалавриат таълим йўналишига жорий йилнинг 1 февралидан қабул бошланди.
Бу ҳақда Академия жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Санобар Мансурова маълум қилди.
– Академиянинг “тергов фаолияти” йўналиши бўйича кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик принциплари ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида ташкил этилади, – деди С.Мансурова. – Унда дастлабки танлов, махсус психологик танлов, ёзма имтиҳон (диктант), тест синовлари асосида талабгорларнинг билимлари синовдан ўтказилади.
Дастлабки танлов: ҳарбийлаштирилган тузилмалар (Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси, Ҳарбий прокуратура), ҳарбийлаштирилмаган ташкилотлар (прокуратура органлари, шу жумладан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси)даги талабларни инобатга олган ҳолда алоҳида тартибда амалга оширилади.
Бунда, номзод ўз ҳужжатларини ҳарбийлаштирилган ёки ҳарбийлаштирилмаган соҳа бўйича топшириши лозим. Номзод жорий йилнинг 1 февралидан 1 мартига қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус электрон платформаси (https://my.uzbmb.uz/)да рўйхатдан ўтиши лозим.
Шунингдек, номзод кўрсатилган муддатларда: ҳарбийлаштирилган йўналиш бўйича – ҳудудий ички ишлар органларига, ҳарбийлаштирилмаган йўналиш бўйича – ҳудудий прокуратура органларига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Академия “тергов фаолияти” йўналишида бакалавриат дастури бўйича таълим олиш муддати уч йилни ташкил этиб, битирувчиларга белгиланган давлат намунасидаги диплом берилади.
Ўқитиш ўзбек ва рус тилларида, давлат грантлари асосида ташкил этилади. Давлат грантлари асосида ўқишни тамомлаган Академия бакалавриатининг битирувчиларига ваколатли давлат органларида камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Академияга қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Академиянинг “Тергов фаолияти” йўналиши бўйича битирувчилари ваколатли давлат органларига хизматга қабул қилинганда фақат офицерлар таркибига кирувчи ёки даражали унвон берилиши кўзда тутилган лавозимларга тайинланади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бакалавриатига кириш имтиҳонлари билан боғлиқ янгиликлар билан Академиянинг расмий веб-сайти, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали танишиб бориш мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА