Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, мазкур уюшма аъзоси Муҳаммаджон Обидовнинг “Кусто оролида 10 кун” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, атоқли шоир Салим Ашур адабиёт ва журналистика бир-бирини ўзаро бойитувчи соҳалар экани, кўплаб устоз ижодкорлар бу жабҳаларда самарали фаолият кўрсатаётганини таъкидлади.
– Бу китоб муаллифнинг теран таҳлил этиш салоҳиятини кўрсатиши билан бирга, айниқса, журналистика, адабиёт, публицистика сабоқларини олаётган ёшлар учун ўзига хос дарсдир, – деди уюшма раисининг биринчи ўринбосари Салим Ашур. – Китобда илгари сурилган ғоялар бугун ижодкор зиёлиларни ўйлантираётган масалаларга жавоб, дейиш мумкин.
– Газета, журналда, телевидениеда ишлаб, мактаб яратишнинг ўзи бўлмайди, – деди устоз журналист, "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. – Ҳар қандай маҳоратли журналист агар муттасил хонадан чиқмай ишласа ҳам, барибир унинг тафаккури дунё қадар бўлмайди. Муҳаммаджон Обидов ўттиздан ортиқ давлатларда бўлиб, оғир видеокамералар билан журналист қандай бўлиши керак, журналистик материал қандай тайёрланиши кераклигини исботлади. Унинг ёзганлари саргузаштларга бой. Аслида дунё адабиёти саргузаштлар тенденциясига таянади. Муҳаммаджон Обидов турли тақдирли одамлар билан қандай гаплашишни билади. Уларнинг ҳолати, кайфиятини чуқур ўрганибгина, кейин яхши ёзиш мумкинлигини исботлади. Муҳаммаджон Обидовдек сафдошим борлигидан жуда фахрланаман. Унинг юрагидаги чўғ сира ўчмасин!
– Муҳаммаджон Обидовни камида 50 йилдан бери биламан, – деди таниқли ёзувчи ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад. – У саргузашт одами, унинг ҳаёти саргузаштли. Барча ишларни рисоладагидек, батафсил бажаради. Унинг кўрсатувлари халқ эътиборига тушган. "Ахборот" информацион дастурида ўзига хос мактаб яратган ижодкор. Унинг лавҳалари одамларнинг уйқусини қочирар эди. Бугун тақдимоти ўтказилаётган китоб журналистлар учун ўзига хос намунадир.
[gallery-15534]
Дарҳақиқат, Муҳаммаджон Обидовнинг “Кусто оролида 10 кун” номли китоби журналистнинг реал ҳаётдаги воқеликка асос қилиб олинган. Муаллиф ушбу асарда драматик ҳолатлар яратади ва улар орқали бир неча минг йиллар аввалги ҳаёт тарзини кечираётган оролликларга бугунги замондош нигоҳи билан қарайди. Китобни ўқиб, меҳр-оқибат, вафо, одамгарчилик каби инсоний туйғулар вақт билмаслигини, бу олижаноб туйғулар ер юзида ҳаёт бошланганидан то қиёмат қадар абадий бардавом эканини англаймиз.
Мазкур китоб 2023 йилда “Классик” нашриётида чоп этилган. Ундан “Асирликда”, “Салом, орол, бу мен!”, “Мен ҳам овчиман!”, “Ҳақиқатга айланган орзу” каби қатор ҳикоялар ўрин олган.
Айтиш керакки, Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлик” телестудияси муҳаррири, “Туркистон” газетаси мухбири, “Ўқитувчи” нашриёти муҳаррири, Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг “Ахборот” дирекцияси бўлим муҳаррири, дирекциянинг Фарғона водийси бўйича махсус мухбири, “Ўзбекистон овози” – “Голос Узбекистана” газеталарининг Фарғона вилояти бўйича мухбири вазифаларида меҳнат қилган. 2004 йилдан буён Ўзбекистон журналистлари уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раиси, “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, 2022 йилдан эса Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг масъул муҳаррири лавозимида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ижодкорнинг 2009 йилда “Фарғона журналистикаси”, 2016 йилда “Мен кўрган дунё”, “Китай: политика, экономика, культура”, 2017 йилда “Буюк ипак йўлидаги Шинжон”, “Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил”, 2021 йилда “Мўъжиза излаб Мисрдан Иорданиягача”, 2023 йилда “Кусто оролида ўн кун” китоблари нашр этилган.
Истиқлол йилларида устоз журналистнинг меҳнатлари юксак қадрланиб, 1992 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони, 2021 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
“Кусто оролида ўн кун” номли китоб тақдимоти жуда самимий, жўшқин руҳда ўтди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА