Сўнгги йилларда юртимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ташқи ва ички туризмни кенгайтириш, туризм хизматларини, айниқса, инфратузилмани яхшилаш, қишлоқ туризмини янада ривожлантириш бўйича Жиззах вилоятида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятдаги Зомин туманидан ташқари, Бахмал, Янгиобод, Фориш, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларидаги кўпгина тоғли ва тоғ олди қишлоқларида ҳам туризм ривожи учун катта маблағ, янги инвестиция лойиҳалари талаб этилади.
Жиззах вилоятидаги барча туманлардан сатҳи юқорироқда жойлашган, қишин-ёзин чўққиларидан қор аримайдиган Бахмал тумани ҳақида тўхталмоқчимиз.
Бахмаллик Таълат Тўйчиев мактабда амалиётчи-психолог бўлиб фаолият олиб боради. У нафақат Бахмал ёки Жиззах вилояти ҳақидаги, балки юртимизнинг бошқа ҳудудлари тўғрисида чоп этилган мулоҳазали мақолаларни ҳам мунтазам ўқиб, унда кўтарилган муаммо, таклифлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб боради.
2021 йил 16 сентябрда ЎзА сайтида “Бахмалнинг туризм салоҳияти зўр, бироқ муаммолар ҳам бор” сарлавҳали таҳлилий-танқидий мақола чоп этилган эди. У ушбу мақолани ўзи маъмурлик қилаётган телеграм гуруҳида 2021 йилдан буён бир неча бор қайта-қайта эълон қилиб, унга юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазаларини бериб борди.
Жумладан, муаллиф шундай ёзади:
“Бахмалнинг туризм салоҳияти зўр, бироқ муаммолар ҳам бор” сарлавҳали мақолани ЎзАда чоп этилганига учинчи йил кетяпти. Бу орада мақолада кўтарилган муаммоларнинг бир қисми, аниқроғи вилоят ва туман миқёсида бартараф этилиши мумкин бўлганлари ҳал қилинди. Бироқ ечимини кутаётганлари ҳам кўп.
Бахмал гўзаллашиб, табиати ҳар қандай кишини ўзига жалб этиб бормоқда. Мен бу гапларни бахмаллик бўлганим учун эмас, балки менга ўхшаган бахмалликлар айтганлиги учун ёзяпман. Охирги 3 йилдан бери декабрь ойи бошланиши билан, янги йил атрофида, байрам кунлари ва мана куни кеча ҳам оппоқ қор ёғди. Бунақа ажойиб об-ҳавони бошқа ҳудудларда кузатиш қийин, айниқса, кейинги 4-5 йилги глобал иссиқлик бошлангандан бери Бахмалнинг виқорли тоғлари нафақат баҳор ёки ёзда, балки куз ва қиш ойларида ҳам дам олиш учун ажойиб ҳудудга айланиб боряпти.
Қор ёққанидан сўнг баланд тоғларни ҳеч кузатганмисиз? Тоза, мусаффо, бетакрор ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олганмисиз? Ям-яшил неча минг йиллик арчалар билан қопланган Бахмал тоғлари ҳақиқий шифо маскани эканини биласизми? Қолаверса, тоғларнинг қайси бир сойига келманг, дам олишингиз, даволанишингиз учун керакли барча нарсани топишингиз мумкин бўлади ва бундан ҳеч ҳам афсусланмайсиз.
Кейинги 3 йил ичида бу ерда бунёд этилган санатория, меҳмон уйлари, дам олиш оромгоҳлардаги яратилган шарт-шароитлар номдор дам олиш масканларидагидан асло қолишмайди, табиати эса, у ердагилардан гўзал, сўлим ва шифобахш.
Лекин ҳали бир қатор камчиликлар ҳам мавжуд. Айниқса, йўл инфратузилмаси ёмонлигича қолмоқда. Тўғри, йўлларнинг баъзи жойлари таъмирланди, аммо асосий қисми ҳалигача эскилигича турибди. Келадиган меҳмонлар, аввало, йўлнинг яхшилигига қарайди. Узоқ масофа бўлганидан кейин йўл меҳмонларни қийнамаслиги ва жуда қулай бўлиши керак.
Бахмалдаги дам олиш жойлари асосан баҳор ва ёз ойларига мўлжалланган. Бизнес жиҳатдан олганда, аҳоли йилнинг ярмидан кўпроқ вақтида бекор қолади. Шуларни ҳисобга олиб, ушбу бизнес билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг асосий қисми куз ва қиш ойларида ҳам дам олувчиларни қабул қила олиш чораларини кўришса, шунга яраша қулайликлар яратишса, дам олувчилар учун, ўзлари ва аҳоли учун бирдек манфаатли бўлар эди.
Бахмалда йирик ишлаб чиқариш корхоналари йўқ. Бахмал деганда, кўпчиликнинг кўз ўнгига унинг машҳур олмалари келади. Лекин олмалар туманнинг маълум жойларидагина ўша тилни ёрадиган, еганда лаззатланадиган, сервитамин бўлади, холос. Чорва ривожи учун эса, яйловлар керак. Улар эса қисқариб кетяпти.
Туман аҳолисининг асосий қисми тоғолди ва тоғ ён бағирларида яшашини ҳисобга оладиган бўлсак, асосий эътиборни туризм ва унга ёндош хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга қаратиш лозим. Туризм маълум ҳудудни катта миқдорда пул оқими билан таъминловчи энг катта соҳалардан бири саналади. Бахмалнинг келажагини мен туризм ривожида, деб ўйлайман”.
Юртимизнинг бир куйинчак фуқароси Таълат Тўйчиевнинг жон куйдириб ёзганича бор, албатта. Қолаверса, давлатимиз раҳбари ўтган 5-6 йил оралиғида ички ва ташқи туризмни ривожлантириш зарурлиги юзасидан бир қатор фармон ва қарорлар имзолади. Жумладан, 2016 йил 16 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари, 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва яна бир қатор муҳим ҳужжатлар ижроси Бахмал туманида ҳам амалга оширилиши лозимлигини унутмаслик керак.
Ачинарлиси, тумандаги Бойқўнғир, Кўкжар, Данғара, Вадеган, Жўмжўм, Йўлдошвой, Тераказиз ва яна кўплаб тоғли, туризм ривожи учун айни муддао бўладиган қишлоқлар аҳли фақатгина мавсумий эмас, доимий иш ўринлари билан таъминланмаяпти. Бу муаммолар ечими топилмас экан, биз юқорида айтган ва яна айтмаган бир қанча қишлоқ аҳли “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” рўйхатларида қолиб кетаверади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси дастурига кўра 2030 йилга қадар республикамизда камбағаллик бартараф этилиши қатъиян белгилаб қўйилди. Бахмал туманидаги тоғли қишлоқ аҳли муаммосининг энг тўғри ечими эса қишлоқларни қишин-ёзин бирдек фаолият юрита оладиган туризм қишлоқларига айлантириш.
Мухтасар қилиб айтганда, Бахмалда туризм ривожланмас экан, туман иқтисодиётининг бир маромда равнақ топиши жуда қийин.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири