
Умумий ўрта таълим мактаблари директорларини тайёрлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда уларни қўшимча рағбатлантириш бўйича янги тартиб жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги 79-сон Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик курсларида ўқитиш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш белгиланган.
Ушбу жараённи амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги тегишли қарори билан “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Унга кўра, А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти томонидан умумтаълим мактаблар директорлари лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва махсус портал орқали уларга менежерлик сертификатини бериш тизими жорий этилмоқда. Мутахассис маълумотига кўра, менежерлик курсларига ўқиш учун номзодлар камида бакалавр даражасига ҳамда мактаб директорлари учун белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Таълимда менежмент мутахассислиги бўйича магистр даражасига эга бўлган номзодлар ўқув курсида ўқимасдан, сертификат олиш бўйича якуний синовларида иштирок этишлари мумкин. Таълимда менежмент ихтисослиги бўйича илмий даражага эга бўлган номзодлар учун сертификат уларнинг аризасига асосан тўғридан-тўғри берилади. Номзодлар (тингловчилар) замонавий бошқарув, жамоада ишлаш, ота-оналар билан мулоқот қилиш, молиявий саводхонлик ва ахборот-коммуникация технологиялари кўникмалари бўйича сабоқ берилади.Ўқув курсларининг давомийлиги 144 соат бўлиб, бир ой давомида ўқитилади.
Ўқув машғулотлари назарий, амалий ва мактаб амалиётидан иборат бўлади. Назарий ва амалий машғулотлар Институтда, амалиёт эса мактаб ҳамда таълим бошқаруви идораларида ўтказилади.
Ўқув курсларини муваффақиятли тугатган номзодлар иштирокида якуний синовлар ўтказилади ҳамда ундан муваффақиятли ўтган номзодларга сертификат берилади. Менежерлик сертификати электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклда берилади ҳамда сертификат 5 йил давомида амал қилади.
Менежерлик сертификатига эга бўлган номзодлар орасидан мактаб директори лавозимига номзодлар захираси шакллантирилади. Эндиликда номзодлар фақат сертификатга эга бўлган ва мазкур номзодлар захирасига киритилган кадрлар орасидан танлаб олинади. 2024 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, менежерлик сертификатига эга бўлган мактаб директорларига ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати давомида лавозим маошининг 50 фоизи, мактаб директори ўринбосарларига 30 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устамалар тўланади.
Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган директорлар ҳар 5 йилда бир маротаба менежерлик сертификатини олиши талаб этилади ва сертификатга эга бўлган директорлар уни олган йилдан бошлаб, уч йил давомида малака ошириш курсларидан озод этилади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, менежерлик курсларига номзодлар шартнома асосида жалб этилади. Амалдаги мактаб директорларини менежерлик курсида ўқитиш харажатлари бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Мактаб директорларининг ўқиш даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими ва амалдаги ўртача иш ҳақи миқдорлари сақлаб қолинади, хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар асосий иш жойидан тўланади.
Мазкур маълумотлар АОКА да Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова иштирокидаги брифингда тақдим этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА