
Бугунги кунда аҳолининг ижтимоий кам таъминланган қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу сабабли, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ушбу қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг бандлигини таъминлаш, даромадларини шакллантириш, тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларда эзгу ишларни қамраб олган.
Умуман олганда, хорижий мамлакатларда аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳимоя қилиш қандай йўлга қўйилган ва бунда ижтимоий шартнома (келишув)ларнинг аҳамияти қандай?
Ушбу саволга Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти бош илмий ходими Нурбек Йўлдошев қуйидагича жавоб берди:
– Дарҳақиқат, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий муҳофаза этиш борасида хорижий тажрибаларни ўрганиш ниҳоятда аҳамиятли. Шундан келиб чиқиб, илмий муассасамиз олимлари хорижий тажрибалар асосида ушбу тоифадаги аҳолини ҳимоя қилишда ижтимоий шартнома (келишув)ларнинг аҳамиятини таҳлил қилди.
2022 йилда БМТ Тараққиёт дастури ва Оксфорд камбағалликни қисқартириш ва инсон тараққиёти ташаббуслари маркази ҳамкорликда эълон қилган ҳисоботга кўра, дунё бўйлаб 1,2 миллиард киши кўп ўлчамли камбағаллик мезонлари бўйича камбағал ҳаёт кечирмоқда ва уларнинг аксарияти суткасига 2,15 АҚШ долларидан кам даромад топмоқда.
Халқаро тажрибада “Шартли пул ўтказиш” (Conditional cash transfer) деб таърифланувчи ижтимоий келишув дастурлари мавжуд бўлиб, улар одатда камбағалликни манзилли қисқартириш ва ижтимоий механизмлар самарадорлигини ошириш мақсадида кам таъминланган аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб қўлланади. Ижтимоий келишувлар эҳтиёжманд аҳолига кўмаклашган ҳолда инсон капиталини ривожлантириш орқали келгуси авлод учун “ижтимоий лифт” вазифасини бажаради.
Шунингдек, ижтимоий шартномалар камбағалликнинг гендер тафовутини яхшилашга ёрдам беради, яъни одатда эркакларга нисбатан аёлларнинг камбағалликка тушиб қолиш эҳтимоли юқори. Мисол учун, Бразилияда 1990 йиллардан бошлаб “Bolsa Família” дастури йўлга қўйилган. Унга кўра, камбағал уй хўжаликларининг болалари 6 ёшигача эмланган бўлсагина хамда 6 ёшдан 15 ёшгача мунтазам мактабга қатнасагина ушбу хўжалик нафақа олиш имкониятига эга бўлади.
Туркияда ижтимоий келишув механизмларида тиббиёт ва таълим соҳасига кўпроқ устуворлик берилган. Масалан, кам таъминланган оналарга мунтазам тиббий кўрикдан ўтиш шарти билан 9 ой давомида бепул тиббий ва моддий ёрдам (нафақа) берилади. Бундан ташқари, 5 ёшгача бўлган болаларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш шарти билан ота-оналарга тиббий ва пул ёрдами кўрсатилади. Камбағаллик туфайли болаларнинг мактабга қатновини таъминлай олмайдиган оилаларга мактабга қатнов давоматини тўлиқ таъминлаганида нафақа берилади.
Россия Федерацияси статистика хизмати маълумотларига кўра, 2022 йил давомида мамлакатда 281,8 мингта ижтимоий шартнома тузилиб, уларда 981,2 минг нафар фуқаро қамраб олинган. Йил охирида ижтимоий шартнома орқали ёрдам олганларнинг даромадлари ўртача 1,6 баравар ошган.
Ўзбекистонда ҳам эҳтиёжманд оилаларга 70 дан ортиқ турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Лекин мазкур жараёнда ижтимоий ёрдам ва хизматлардан фойдаланувчиларнинг аниқ масъулияти ва мажбурияти белгиланмаган ҳамда барча хизматлар тўлиқ электрон тарзда кўрсатилмайди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий ҳимоя турларидан фойдаланиш имкониятини соҳани рақамлаштириш ҳисобига кенгайтириш, ушбу жараёнга очиқлик ва шаффофлик тамойилларини жорий қилиш” бўйича мақсадлар белгилаб олинган.
Гарчи ҳозирда мамлакатимизда фақатгина ишсиз аҳоли билан бандликни таъминлаш шарти асосида ижтимоий имтиёз ва хизматлардан фойдаланиш тартиби тасдиқланган бўлсада, ушбу механизм кенг қамровда амалга оширилмаётганини қайд этиш лозим.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ижтимоий келишувлар аҳолини камбағалликдан чиқаришда манзиллилик тамойилини таъминлаши, бундан ташқари, эҳтиёжманд аҳолининг ўз қобилияти ва ички имкониятларидан самарали фойдаланишга мотивация бериши ҳамда келажакда боқимандалик кайфиятига тушиб қолмаслиги ва ниҳоят, давлат (бюджет) маблағларидан ижтимоий ҳимоя соҳасида самарали фойдаланишга олиб келиши мумкин.
Бунинг учун, ижтимоий ҳимоя соҳасидаги барча механизмларни тўлиқ қамраб оладиган, томонларнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда мажбуриятлари белгилаб олинадиган, ҳар бир эҳтиёжманд оила (ёки фуқаро) билан индивидуал тузиладиган ижтимоий шартнома тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бунда эҳтиёжманд оила ёки фуқаро билан бандликни таъминлаш, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш ёки тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш каби йўналишларда ижтимоий шартномаларни тузиш ўзининг амалий натижасини беради.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди