Бош қомусимизга кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.
Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга. Ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шарт.
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик жаримага сабаб бўлади.
Аммо ҳаётда ўз бурчига нисбатан масъулиятсиз муносабатда бўлаётган шахслар йўқ эмас. Кўп ҳолларда эр ва хотиннинг ажрашиб кетиши оқибатида асосан оналари билан қолаётган болалар оталарнинг эътиборидан четда қолмоқда.
Суд орқали белгиланган алимент пулини беришни истамаётган оталар кўплаб топилади. Мажбурий ижро бюросининг Олмазор тумани бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг буйруғига асосан қарздор Г.Н. ундирувчи аёл З.Н. фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочисининг олдиндан алимент қарзини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорига асосан, қарздордан ундирувчи фойдасига 99 миллион 250 минг сўм алимент пули ундириб берилди.
МИБ матбуот хизматига кўра, амалдаги қонунчиликда фуқаролар гоҳида яшаш ҳуқуқи бўлган уйга киритилишини сўраб судларга мурожаат этади. Уларнинг талаби билан қонуний тарзда уйга киритилиши ҳақида ҳужжатлар қабул қилинади. Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси бўлимлари иш юритувига келиб тушаётган номулкий тусдаги, яъни уйга киритиш, уйдан чиқариш, ноқонуний қурилмаларни бузиш каби ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида тегишли чоралар кўрилмоқда.
Суднинг ҳал қилув қарорига асосан даъвогар У.Б.ни икки нафар фарзанди билан ўзи келин бўлиб яшаган хонадонга мажбурий тартибда киритиб қўйиш белгиланган. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш борасида ҳаракатлар олиб борилган. Бироқ, мажбурият бажарилмагач, мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Ижро ҳаракати давомида давлат ижрочиси томонидан қарздорга қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик тушунтирилганидан кейин тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида икки болали аёл уйга киритиб қўйилиши таъминланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА