
Мамлакатимизда 2024 йил — “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан ёш тадбиркор, “Insan Academy Group” МЧЖ асосчиси, бизнес консультант, ЎзЛиДеПнинг Мирзо Улуғбек туман кенгаши раиси ўринбосари Даврон Эргашев билан бизнес юритишдаги муваффақият сирлари, эътибор қаратиш лозим бўлган энг муҳим омиллар ҳақида суҳбатлашдик.
— “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани биз каби ёшларни, тадбиркорларни қувонтирди, — дейди Даврон Эргашев. — Бу йил ёшларимиз янада кўпроқ тадбиркорлик қилишига, илм олишига, ўз устида ишлашига янада кенг имконият яратилади. Бугунги кунда тадбиркорларимиз қалбида ички хотиржамлик бор.
Бир неча йил аввал мустақил тадбиркор сифатида иш бошлаганман ва турли муаммоларга дуч келдим. Шундан сўнг бизнес юритиш борасида билим ва кўникмаларимизни бойитишга эътибор қаратдик. Бу борада хорижий мутахассислардан онлайн тарзда билим ва кўникмалар олдик ва фаолиятимизда қўллай бошладик.
Кейинчалик танишларга, дўстларга шу йўналишда маслаҳатлар берганимизда, уларда ҳам муваффақиятли бўлди. Шу аснода консалтинг хизматини кўрсатадиган фирма ташкил этганмиз. Бугунги кунда ўз тажриба ва кўникмаларимизни тадбиркорларга улашган ҳолда уларнинг муваффақиятли ишлашига кўмак бериб келмоқдамиз. Мақсадимиз — юртимиз тадбиркорларини хориждан келадиган тадбиркорларга рақобатдош бўлиши учун кўмаклашиш.
Кўпчилик тадбиркорлик қилиш ниятидаги инсонлар “пул бўлса, ишим юришиб кетади”, деб ўйлашади. Лекин бу хато. Инсон бир касбни эгаллаш учун йиллар давомида ўқиб-ўрганади. Нега тадбиркорлар ўз билимини бойитишга интилмайди? Тадбиркорлик фаолияти юришиб кетиши учун пул асосий масала эмас.
Бир туманда бир ойда 300 та фирма очилди, кейинги ойда уларнинг 290 таси ёпилди. Қолган 10 таси ҳам фойдага кирди, дегани эмас. Уларнинг захира пули бўлган ёки бошқа омиллар сабаб давом эттирган. 290 таси ҳам яхши ният билан иш бошлаган эди. Лекин нега бундай бўлди? Сабаби уларга бизнес юритиш билимлари етишмади. Шунинг учун ҳам бизнесда муваффақиятга эришиш учун энг биринчи ўринда мижозни жалб қилиш ва сотиш билими керак, — дейди суҳбатдошимиз.
Шунингдек, Даврон Эргашев тадбиркорлик ва бизнесда муваффақиятга эришишнинг муҳим омили сифатида малака ва мажбурият, устоз-шогирдлик анъаналарини эътироф этади. Суҳбатимиз давомида тадбиркорларга яратилаётган имконият ва имтиёзлар, бизнес йўлида тажриба орттириш усуллари, бизнесга оид билимларни қандай ўрганиш мумкинлиги каби масалалар хусусида сўз юритилган.
Суҳбатимизнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг барча тармоқлари орқали кўришингиз мумкин.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/WCYhB1qk-LI" title="Biznesdagi muvaffaqiyat omillari: yosh tadbirkor bilan suhbat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳтарама Комилова,
Искандар Исматов (видео),
ЎзА