
2023 йил 13 январда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кучга кирди.
– 2023 йилда мамлакатимизда катта сиёсий тадбир – Умумхалқ референдуми бўлиб ўтди, – дейди сенатор Наримон Умаров. – Референдум якунларига кўра, халқимиз хоҳиш-иродаси билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Янгиланган Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, ҳеч шубҳасиз, узоқ йиллардан бери халқимизни қийнаб келаётган кўплаб масалаларга ечим берувчи қоидалар сифатида тарихга муҳрланди. Янгиланган Конституцияга киритилган ўзгартиришлар, ўз навбатида, амалдаги қонунларни қайтадан кўриб чиқиб, тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этди. Қабул қилинган янги қонун ҳам янгиланган Конституцияга киритилган қоидалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.
Хусусан, янгиланган Конституцияда Конституциявий судга референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш бўйича янги ваколат юклатилди. Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланиши ҳақидаги норма белгиланган.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонун янгиланган Конституцияга мувофиқлаштирилди.
Яъни, янги қонунга кўра, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради. Бу борада тузилманинг иш юритиш тартиби белгиланди.
Конституциявий суд фақатгина ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.
Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланиши қонунда мустаҳкамланди. (илгари Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати биринчи марта сайланганида беш йилни, навбатдаги сайланганида ўн йилни ташкил этган).
Мазкур қонун Конституция олий юридик кучга эгалигидан келиб чиқиб, Конституция ва қонунларнинг сўзсиз устуворлиги ҳамда уларнинг бир хилда амалда бўлишининг амалий ифодасидир.
Норгул Абдураимова, ЎзА