Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб, ҳар томонлама яхши таъминланган, турли замонавий таҳдидларга муносиб жавоб қайтаришга қодир Қуролли Кучларни шакллантиришга жуда катта эътибор қаратилди.

Тарихий тараққиётдан маълумки, халқимиз бошига оғир, синовли кунлар тушганда унинг озодлиги, хавфсизлигини ҳимоя қилишга қодир мард фарзандлари душманга қарши мардонавор курашган. Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби жасур, ватанпарвар буюк саркардаларнинг номлари ва жасоратлари, қаҳрамонликлари халқимиз қалбида мангу яшайди.

Мустақил Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ташкил этилганлиги ўзининг тарихий - ҳуқуқий асосларига эга. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 31 августда бўлиб ўтган навбатдан ташқари ўн иккинчи чақириқ олтинчи сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги” тўғрисидаги баёнот қабул қилиниб, қуйидагилар ўз аксини топган эди: “Давлат мустақиллигини, ҳудудий яхлитлигини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Мудофаа ишлари вазирлиги ва Миллий гвардия тузилади. Республика ҳудудида жойлашган СССР Ички ишлар вазирлиги, СССР Давлат хавфсизлик комитети ҳамда ички қўшинлар Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига олинади”. Таъкидлаш жоизки, Баёнотда илгари сурилган мақсадлар мазкур сессияда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонунда ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Жумладан, 6-моддада “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш, Миллий гвардия ва ноҳарбий (муқобил) хизматни ташкил этиш ҳуқуқига эга” деб таъкидланди. Буларнинг барчаси мустақил Ўзбекистон Республикасига ўз ҳарбий сиёсатига асос солиш ва Қуролли Кучларни ташкил қилишда ҳуқуқий асос бўлди. Шу билан бирга минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ўзи ҳам Қуролли Кучларга асос солинишини тарихий зарурат сифатида кун тартибига қўйган эди.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида миллий армияни ташкил қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга ошира бошланди. 1991 йилнинг 10 сентябрида мудофаа ишлари вазири айни вақтда Миллий гвардия қўмондони этиб тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 25 октябрдаги қарорига мувофиқ, Мудофаа ишлари вазирлигининг ҳуқуқий мақоми, тузилиши ва низоми тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 10 январида "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган СССР Ички ишлар вазирлигининг ҳарбий қисмлари ва ўқув муассасаларини Ўзбекистон Республикаси тасарруфига олиш тўғрисида”, 1992 йил 14 январда эса, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган собиқ иттифоққа қарашли Ички ишлар ва Мудофаа вазирликларининг қисмлари, бирлашмалари, қўшилмалари, олий ўқув юртлари, ҳарбий тузилмалари мамлакатнинг қонуний тасарруфига ўтказилди. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий тузилмаларнинг 1992 йил 14 январдан республика юрисдикциясига ўтганлиги инобатга олиниб, 1993 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунига биноан, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, миллий армияни ислоҳ қилиш борасида амалга ошириб келинаётган чора тадбирларда, биринчидан,  замонавий қурол яроғ ва техника воситаларига эга бўлган, маҳорати баланд, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳаракат қила оладиган армияни шакллантириш; иккинчидан, жаҳон ва давлатимиз ҳарбий ютуқлари, илғор тажрибаларидан фойдаланиш; учинчидан, ҳарбий хизматчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашни, уларнинг профессионал тайёргарлигини юксалтириш каби омилларга алоҳида эътибор қаратилди.

Барча соҳаларда бўлганидек, Қуролли Кучларимиз тизимида ҳам ислоҳотлар босқичма босқич амалга ошириб келинмоқда.

2017-2021 йилларда мамлакат мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида соҳанинг норматив ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Қуролли Кучларнинг ташкилий тузилмаси, жанговар таркиби ва шайлиги кучайтирилди. Мамлакатнинг мудофаа салоҳияти мустаҳкамланди, бунда контракт асосидаги ҳарбий хизматчиларнинг улуши 2016 йилдаги 37 фоиздан, 2021 йилга келиб 68 фоизгача ўсди, қўшинларнинг замонавий қурол-яроғлар билан жиҳозланиш даражаси эса  5 баробарга ошди.

Дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар Қуролли Кучларимизнинг жанговар ҳаракатлар жараёнида илгари амалда қўлланилмаган қуроллардан фойдаланадиган кучларга қарши кураша олиш қобилиятини оширишни тақозо этмоқда. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб  белгиланди. “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш” деб номланган еттинчи устувор йўналишда мазкур борада қуйидаги мақсадлар амалга оширилиши кўзда тутилди: давлатнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтириш; ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш, уларнинг инфратузилмасини яхшилаш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фаол иштирок этишни таъминлаш; ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш; Қуролли Кучларнинг барча давлат идоралари, муассаса ва корхоналар учун етук кадрлар тайёрлайдиган мактабига айланишига эришиш; мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш; Қуролли Кучлар ягона автоматлаштирилган бошқарув тизимини яратиш ва рақамлаштиришни янада такомиллаштириш; Қуролли Кучларда ягона ахборот- коммуникация тизимини яратиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш; фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартибини янада такомиллаштириш; олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни саралаш ва танлаб олиш тизимини янада такомиллаштириш; Мудофаа вазирлиги тизимида геральдика ишларини самарали йўлга қўйиш; қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини ҳар томонлама кучайтириш, Қуролли Кучларда ахлоқий-руҳий таъминотни ва ҳарбий психологлар институтини янада такомиллаштириш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тадбирларини янада кучайтириш. Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларида мавжуд хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассислар иш фаолияти самарадорлигини ошириш ва бошқалар. Ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш, ҳарбий хизматчиларга муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташ учун муносиб ва хавфсиз шарт-шароитларни яратиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига ипотека кредити тақдим этиш орқали уй-жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўзининг салоҳияти билан дунё рейтингида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. 2023 йил Global Firepower Indexнинг янгиланган рейтингида Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида бешинчи ва дунёнинг 145 мамлакати орасида 62-ўринни эгаллади. Мутахассислар Қуролли Кучларни олтмишдан ортиқ параметрлар бўйича баҳолади. Жумладан, мудофаага маблағ сарфланиши даражаси, техник таъминот, армия сони, танклар, кемалар, самолётлар ва бошқа ҳарбий техникаларнинг миқдори, нефть маҳсулотлари мавжудлиги, давлатнинг географик хусусиятлари, ишлаб чиқариш ва баъзи ресурсларнинг истеъмоли, логистик имкониятлар каби мезонлар ҳисобга олинган.

Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим амалий натижаси армиядаги ахлоқий-руҳий, маънавий муҳитнинг бутунлай янгиланганлигида намоён бўлмоқда. Янги Ўзбекистон шароитида армияга ва ҳарбий хизматга нисбатан ёндашув ва қарашлар тамомила ўзгарди. Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш Ўзбекистон фуқароси учун конституциявий бурч, шунингдек, мамлакатимиздаги энг нуфузли ва шарафли касблардан биридир. Буюк шоир Алишер Навоий таъкидлаганидек,

Аёнким, Ватан узра то жони бор,  

Киши ҳарб этар токи имкони бор.

Дарҳақиқат, бу ёpyғ оламда она Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни бажариш ҳам фарз, ҳам қарздир. Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Абира Хусейнова,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, 

Омбудсманнинг Бухоро минтақавий вакили.

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий армиямиз халқимизнинг тинчликда яшаш ҳуқуқини таъминловчи таянчидир