
Сарҳисоб
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят Кенгашининг 437 та бошланғич ташкилоти ёшларни ўз атрофига бирлаштирган. Бошланғич ташкилотларда 37 нафар етакчи, 11507 нафар сардор ҳамда 794 нафар координатор мавжуд.
– Якунланган йилда олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда корхона ва ташкилотлардаги бошланғич ташкилотлар томонидан 500 дан зиёд турли лойиҳа, тадбир ва спорт мусобақалари ташкил этилиб, уларда 200 минг нафарга яқин ёш қамраб олинди, – дейди Ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши раиси Жонибек Жумаев. – Жумладан, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар лигаси” шахмат мусобақаси, ёшлар фаоллигини ошириш мақсадида “Талабалар театр студиялари”, “Талант шоу” лойиҳалари, бундан ташқари “Талабалар ҳафталиги”, “Раҳбар ва ёшлар”, “Табиат учун ғамхўрмиз”, “Китобхон талаба”, “Уч авлод учрашуви”, “Етакчининг бир куни”, “Заковат” интеллектуал ўйини, тарихий шаҳарларга саёҳат каби тадбирларда ёшларимиз фаол иштирок этишиб, тажриба алмашишди, ўз билимларини синовдан ўтказишди.
Ўтган давр мобайнида умумий ўрта таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар томонидан ҳам ўқувчиларнинг ташкилотчилик қобилиятини шакллантириш, уларнинг фаоллигини ошириш мақсадида 350 га яқин лойиҳа амалга оширилди ва уларга 20 минг нафар ёш жалб этилди.
– Ўқувчилар ўртасида ўтказилган энг муҳим тадбирларимиздан бири “Ёзни Камалак билан! лойиҳаси бўлди, – дейди вилоят Сардорлар Кенгаши аъзоси Наргиза Шавкатова. – Лойиҳа доирасида ташкил этилган “Қувноқ автобус”нинг биринчи манзили Конимех тумани Наврўз маҳалласи бўлди. Унда маҳалладаги болажонлар учун ўқув машғулотлари, қизиқарли ўйинлар ва шахмат мусобақалари ўтказилди. Навбаҳор тумани “Бешработ”, Конимех туманидаги “Шўртепа”, Навоий шаҳридаги “Жанубий”, “Турон”, Кармана туманидаги “Дўрман”, “Қаҳрамон” МФЙлар ҳамда “Офтобжон”, “Шабада” болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам лойиҳа доирасида қизиқарли тадбирлар ташкил этилди.
[gallery-15472]
Ёшларни ҳарбий-ватанпарвалик руҳида тарбиялаш мақсадида “Ватанпарварлик карвони” лойиҳаси, уюшмаган ёшлар билан “Жасорат мактаби” ҳарбий -ватанпарварлик ўқув йиғинлари ташкил этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбири