
Йил йилга ўхшамаяпти. Бир неча йилнинг кетма-кет қурғоқчил келиши қишлоқ хўжалик экин майдонларини тизимли суғориш ишларига ҳам салбий таъсир этмай қолмайди. Яъни оқова сув ҳажми йилдан йилга камайиб бормоқда. Экиладиган экин турлари эса йил сайин ошмоқда. Албатта, бундай ҳолда оқова сувдан оқилона, тежаб фойдаланиш жуда муҳим.
Маълумки, юртимиздаги қишлоқ хўжалик экин майдонларига борувчи канал ва ариқларнинг катта қисми бетонлаштирилмаган. Шунинг ҳисобига улардан оқиб ўтувчи сувнинг ерга сизиб кетиши натижасида сарфи юқори бўлади. Бунинг олдини олиш мақсадида жорий йилги мавсум олдидан дала четидаги ариқлар ва каналларни кенг миқёсда бетонлаш ишлари бошлаб юборилган.
Хусусан, Қашқадарё вилоятида сув хўжалиги ташкилотларига қарашли 256 та 2 минг 476 километр магистрал ва хўжаликлараро каналлар мавжуд. Маълумотларга кўра, ушбу каналларнинг 1 минг 502 километр қисми бетонлаштирилган.

Бундан ташқари, кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 20,4 минг километр ички каналлар мавжуд бўлиб, шундан 6,2 минг километр лоток, 2,2 минг километр бетон қопламали, 864 километр ёпиқ тармоқлар ва 11,1 минг километр (54 %) қисми тупроқ ўзанли сув йўллари ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 406 километр (35 та) канални босқичма-босқич бетонлаштириш топшириғи берилган.
– Қарор ижроси бўйича вилоятда 2024 йили сув хўжалигида “Каналларни бетонлаштириш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинди, – дейди Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Сув хўжалигини ривожлантириш ва стратегик таҳлил қилиш бўйича бош мутахассис Феруз Тошмуродов. – Бу борада сув хўжалиги ташкилотларининг буйруқлари чиқарилиб, тадбирларни мувофиқлаштирувчи доимий ишлайдиган вилоят ва туман штаблари ташкил этилди. Юқоридаги қарор бўйича вилоятда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 406 километр (35 та) канални босқичма-босқич бетонлаштириш белгиланган. Бунда 2024 йили Республика бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ҳисобига 90 километр (9 та) канал давлат дастури асосида бетонлаштирилади ва Хитой Халқ Республикасининг 54 миллион АҚШ доллар имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан 316 километр (26 та) канал бетонлаштирилади.

Мутахассиснинг маълум қилишича, 2024 йил давлат дастуридаги 90 километр (9 та) канални бетонлаштириш бўйича лойиҳачи, пудратчи ташкилотлар танлаб олинган ва лойиҳа бўйича дала қидирув ишлари якунланган. 6 та каналнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва 3 та каналнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Ҳозир объектларга 47 та машина-механизм ишга жалб қилинган ва барча объектларда ишлар бошланган. Жами 9,2 километр тупроқ ва 600 метр бетонлаштириш ишлари бажарилди.
Жумладан, Косон туманидаги “Р-24”, “Р-26” каналлари бўйига пудратчи “Тo`palang HPD Holding” МЧЖнинг 2 та бетон тайёрлаш заводи келтирилиб монтаж қилинди. 2,9 километр каналда тупроқ ва 140 метр бетонлаштириш ишлари бажарилди. Касбида “Денов-Новқат” каналида пудратчи ташкилот томонидан 0,1 километр каналда тупроқ ишлари амалга оширилди. Миришкорда “25-Х-3-3”, “УР11-1” каналларида пудратчилар томонидан 4,4 километр каналда тупроқ ва 300 метр бетонлаштириш ишлари бажарилди. Чироқчи “Давр” каналида пудратчи томонидан 0,05 километр каналда тупроқ ишлари, Кўкдалада “Умакай”, “Чиял-2”, “Араббанди” каналларида пудратчи корхоналар томонидан 1,8 километр каналларда тупроқ ва 160 метр бетонлаштириш ишлари уддаланди.

– 316 километрлик 26 та канални бетонлаштириш тадбирлари Хитой Халқ Республикасининг “China CAMC Enginiring Co., Ltd” компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар таркибига киритилди, – дейди Ф.Тошмуродов. – Дастлабки қиймат 54 миллион АҚШ доллар. Ҳозир ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, келишилмоқда. Бундан ташқари, қарорда Қамаши ва Ғузор туманларидаги 25 минг гектар суғориладиган майдонларнинг сув таъминотини яхшилаш мақсадида “Пахтаобод” каналини модернизация қилишга Жаҳон банкининг зарур маблағларини жалб қилиш ва музокараларни амалга ошириш белгиланган. Бугунги кунда қиймати 40 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур йирик лойиҳани Жаҳон банки иштирокида “Миллий ирригация тизимларини яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида амалга ошириш белгиланган. Қамаши ва Ғузор туманларига хизмат қилувчи “Пахтаобод” канали модернизация қилиш бўйича ҳозир Туркиянинг “Temelsu International Engineering Services Inc.,” компанияси томонидан лойиҳанинг бирламчи ҳужжатлари (лойиҳаси, техник иқтисодий асослари) ишлаб чиқилмоқда. Сув хўжалиги вазирлиги ва Жаҳон банки билан ҳамкорлик тўғрисида музокара олиб борилмоқда.
Қўшимча қилиб айтиш жоизки, ҳудудларда фаолият юритаётган кластер корхоналари ва фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан ҳам канал ва ариқларни бетонлаш ишлари бажарилмоқда. Мақсад сув сарфини камайтириш ва боридан унумли фойдаланишдир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири