2024 йил – Ёшларни ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили
Ёшлар билан ишлаш ва бу жараённи жадаллаштириш, жамиятдан ажраб қолган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган, бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб ва ёки ҳаётнинг нотўғри кўчаларига кириб қолган ёшларни фаол ҳаётга қайтариш – бугун олдимизда турган энг муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифадир.
2023 йил 11 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёш авлод бандлигини таъминлаш, уларни сифатли таълим билан қамраб олиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом фикрлашига замин яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилгани айни вақтида кўрилган чора-тадбирлар бўлди.
Мамлакатимиздаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқиши ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилган. Бунда яхши ўқиётган, тадбиркорликни йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион ёш “яхши” тоифага, турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш “ўрта” тоифага, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг нафар ёш “аҳволи оғир” тоифага ажратилган.
Учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёш бошқа масъул ташкилотлар раҳбарлари қаторида олий таълим муассасалари ректорларига ҳам номма-ном бириктирилди. Жумладан, Наманган давлат университети ректорига Поп туманида истиқомат қилувчи 52 нафар ёш (шундан 13 нафари аёл-қиз, 39 нафари ўсмир) бириктирилган. Бу ёшлар билан йил давомида манзилли, аниқ мезонлар асосида иш ташкил этилди.
Юзма-юз мулоқотлар ва ўрганишлар давомида бириктирилган ёшларнинг саккиз нафари муаммолари йўқлигини билдирди. Ёшлардан бир нафари Фарғона вилоятига доимий яшаш учун кўчиб кетгани, етти нафарининг эса Россияга ишлаш учун чиқиб кетганлиги аниқланди. Аввало, Наманган давлат университети ректори номидан бириктирилган 52 ёшга мактуб жўнатилиб, уларнинг муаммо ва қийинчиликларини ўрганиш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида олти бор “Университет ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Ҳозирга қадар бириктирилган “оғир” тоифадаги ёшнинг барчаси билан ўн бор юзма-юз учрашиб, суҳбатлашилди. Учрашувларда ёшлар томонидан билдирилган муаммолар қисқа муддатларда ҳал этиб берилди. Хусусан, 24 та асбоб-ускуна ва жиҳоз олиб бериш, иккита моддий ёрдам, учта бошқа йўналишдаги муаммоли масалалар ижобий ҳал этилди.
Хусусан, Баҳромжон Турсуновга университет томонидан электр пайвандлаш ускунаси, Достонбек Раҳмоналиевга рубоб чолғу асбоби, Адҳамжон Соибназаровга туман ҳокимлигига мурожаат асосида мото-культиватор олиб берилди. Шоҳбоз Абдураҳимовга эса хорижий таълим муассасаларидан ўқишини кўчириш бўйича тушунтириш берилди, шу билан бирга айни пайтда уни туман марказидаги ресторанда иш бошлаши таъминланди.
Сентябрь ва октябрь ойларида ҳам Поп тумани Келачи ва Ифтихор маҳаллаларида навбатдаги ўрганишларда ёшларнинг муаммолари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларга турли хил жиҳозлар топширилди. Масалан, Муҳаммадбобур Улканбоевга карчер аппарати, Тоҳиржон Раҳимовга қурилиш анжоми, Фурқат Абдураҳмоновга бокс чарм қўлқопи, Дилнура Шариповага замонавий ноутбук, Одина Алиевага ҳам Поп маиший хизмат кўрсатиш коллежига ўқишга киргани учун ноутбук, Заҳрохон Ҳабибуллохоновага тикув машинаси тақдим этилди.
Ўз навбатида, Хушнуд Ёқубов, Отабек Қодиров, Зарнигор Пўлатова, Исломжон Қодиров, Ҳусанбой Камолиддинов, Саодат Ёқубова, Шаҳбоз Ҳакимов ва Сурайё Иброҳимовага замонавий ноутбук тақдим этилди. Мадина Ғаниевага қизиқиши ва келгуси режаларидан келиб чиқиб тикув машинаси, Хуршидхўжа Шермуродовга сартарошлик анжоми, Ҳусанбой Қодировга вентилятор, Ғайрат Мамадалиевга устачилик билан шуғулланиши учун пайвандлаш аппарати берилди.
Шуни таъкидлаш даркорки, кеча ижтимоий аҳволи оғир деб топилган ёшларнинг аксарияти бугун жамиятнинг фаол аъзосига айланмоқда. Аниқроқ айтганда, улар билан мунтазам ишлаш, тегишли фанлардан тушунтиришлар олиб бориш ва фанлар бўйича тарқатма материаллари билан таъминлаш натижасида уч нафар ёш олий таълим муассасаси талабаси бўлишга эришди. Хушнуд Ёқубовнинг Тошкент ирригация ва мелиорация университетига, Отабек Қодировнинг Наманган муҳандислик-қурилиш институтига, Зарнигор Пўлатованинг Наманган халқаро кимё университетига, Ҳусанбой Камолиддиновнинг эса Поп касб-ҳунар мактабига ўқишга кирганлиги нафақат уларнинг оила аъзолари, балки бизларни ҳам ниҳоятда қувонтирди.
Чунки эндиликда уларнинг ҳаётда ўз мақсади ва тўғри танланган йўли бор. Дарвоқе, бириктирилган ҳар бир йигит-қизнинг оилавий ва ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб кўмак бермоқда. Шу маънода келачилик Ҳасанбой Қодиров ва ифтихорлик Мафтуна Одиловага маълум миқдордаги маблағ моддий ёрдам сифатида берилган бўлса, олий таълим муассасасига ўқишга кириш истагидаги Ҳилола Ғаниева ва Отабек Солиевга бепул ўқув курслари ташкил этилди.
Ёшларни бугунги таҳликали даврда турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш ва уларга тўғри йўл кўрсатишимиз зарур.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган бу каби хайрли жараён, қолаверса, жорий йилни “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номлангани ҳам навқирон авлоднинг фаол бўлмаган қатламини жамиятга қайтариш бўйича катта қадам бўлади. Ёшлар масаласидаги олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш орқали ислоҳотлар самарадорлиги натижасини ҳар бир ёшнинг ҳаётида кўрсатишимиз мумкин бўлади.
Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети ёшлар масалалари ва
маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори.
ЎзА