Хусийларни Яманда фуқаролар урушини бошлаган гуруҳ сифатида билишади. Бугунги кунда ушбу жангари ҳаракат Қизил денгиздаги кемаларга тўхтовсиз ҳужум қилмоқда. Шунингдек, улар АҚШ ва Исроилни ўз душманлари деб билишади.
Аслида, хусийлар кимлар? Улар ҳақида нималар маълум?
Шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Жорий йилнинг 12 январь куни АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги хусийлар қароргоҳларига ракета ва ҳаво ҳужумларини бошлади. АҚШ президенти Жо Байден буни хусийларнинг Қизил денгиздаги хорижий юк кемаларига “мисли кўрилмаган” ҳужумларига тўғридан-тўғри жавоб эканлигини айтар экан, бундай ҳаракатлар минтақадаги савдо эркинлигига таҳдид солаётгани билан изоҳлади.

Исроил ва Хамас ўртасидаги уруш фонида яманлик хусийлар икки ойдан бери ҳужумчи дронлар ёрдамида Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда. Ноябрь ойи ўрталарида улар исроиллик тадбиркорнинг Британия компаниясига тегишли “Galaxy Leader” кемасини қўлга олди. Бир неча кундан сўнг Исроилга алоқадор яна бир танкер ўғирлаб кетилди, кейин бир неча тижорат кемалари, жумладан, Норвегия ва Германияга тегишли кемалар хавф остида қолди.
Хусийлар шу билан тўхтаб қолиш ниятида эмас. Улар Ғазо секторига озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришга рухсат берилмагунча Исроилга кетаётган ҳар бир кемага ҳужум қилиш билан таҳдид қилмоқда. Хусийларнинг ҳужумлари халқаро юк ташишни сезиларли даражада тўхтатмоқда, бир қатор компаниялар энди ўз кемаларини Баб ал-Мандаб бўғози орқали жўнатмаслигини эълон қилишди.
Хусийлар ортида кимлар турибди ва улар нимага эришмоқчи?
Хусийлар Саудия Арабистони билан чегарадош шимолий Яманнинг баланд тоғларидаги қабилалар иттифоқига мансуб кишилардир. Улар шиа мазҳабининг тармоқларидан бири – Зайдий таълимотига эътиқод қилишади. Хусийларнинг Эрон билан алоқалари яхши, Эрон эса ўзини минтақадаги барча шиалар манфаатларининг раҳбари деб ҳисоблайди.Яманда зайдийлар умумий аҳолининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Хусийлар зайдийлар сафидан 1990 йилларда ҳарбий ва сиёсий ҳаракат сифатида чиқиб кетган. Уларнинг аввалги ташкилотига 1994 йилда Ҳусайн ал-Хусий асос солган. Унинг ўлимидан сўнг ал-Хусий тарафдорлари ўз ҳаракатларини унинг номи билан “Хусийлар” деб атаган ва 2012 йилда истеъфога чиққан ва кейинроқ ўлдирилган Яманнинг ўша пайтдаги президенти Али Абдулла Солиҳ сиёсатига қарши курашни давом эттирган.

Милодий саккизинчи аср ўрталарида шиаликда вужудга келган бир фирқа тарафдорлари “зайдийлар” деб аталган. Уларнинг давомчилари ҳозир ҳам фаолиятда. Шу билан бирга, хусийлар ҳам ўз навбатида Яман ҳукуматини Исроил ва АҚШ билан жуда яхши муносабатларга эга бўлганликда айблайди. 2014 йилда хусийлар Яманнинг ўша пайтдаги президенти Абд-Раббу Мансур Ходийга қарши исён кўтарган. Кейин у халқаро коалицияга бошчилик қилган Саудия Арабистонининг аралашуви эвазига ҳокимиятда қолишга муваффақ бўлган.
2015 йилдан буён бу коалиция хусийларга қарши кураш олиб боради, аммо ҳозирча муваффақиятга эриша олмади. Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланаётган Яман ҳукумати ҳозирда мамлакат жанубини, шимолни эса хусийлар назорат қилмоқда. Хусийларни бу борада Эрон қўллаб-қувватлаб туради. Шундай қилиб, Ямандаги фуқаролар уруши аслида Саудия Арабистони ва Эрон томонидан олиб борилаётган уруш деб ҳисобланади.
Хусийлар мафкураси ва Эрон билан муносабатлари
Хусийларнинг мафкуравий йўналиши яҳудийларга қарши лаънат, АҚШ ва Исроилнинг ўлими ва Исломнинг ғалабаси каби шиорларда ифодаланган. Улар мамлакат шимолидаги хусийлар томонидан бошқариладиган ҳудудда қаттиқ исломий тартиб ўрнатганлар.Шунингдек, хусийлар ўзларини “Аллоҳнинг ёрдамчилари” деб ҳам аташади. 1990 йилда Яман қайта бирлашганидан бери ўзини Фаластин тарафдори сифатида кўрсатди. Хусийлар бу позицияни янада радикаллаштирди ва шу тариқа уларни мамлакат аҳолисининг катта қисми қўллаб-қувватлади.

Берлинда жойлашган Фан ва сиёсат жамғармаси ходими сиёсатшунос Ҳамидризо Азизийнинг айтишича, Теҳрон хусийларни Америка ва Исроилга қарши “қаршилик кучи”нинг бир қисми деб билади. Яна шуни қайд этиш керакки, хусийлар Эроннинг бошқа шерикларидан фарқ қилади. Экспертларнинг фикрича, улар Эрон билан Ҳизбуллоҳ каби чамбарчас боғлиқ эмас ва Эрон қўмондонлигига бевосита бўйсунмайди. Теҳрон хусийларни қай даражада қўллаб-қувватлаётгани ҳозирча аниқ эмас.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институти мудофаа бўйича эксперти Фабиан Хинзнинг айтишича, шунинг учун ҳам хусийларнинг Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумида Эрон катта роль ўйнаётганлиги шубҳалидир. Хусийлар Ғазо секторидаги уруш учун масъулиятни фақат Исроил зиммасига юклайди ва уюштирилган ҳужумларни “қасос олиш ҳаракати” деб аташади.
“Бундай ҳужумлар жиддий ҳарбий таҳдид эмас, улар ички сиёсий хабар сифатида муҳим”, дейди “Chatham House” таҳлил маркази тадқиқотчиси Фареа ал-Муслимий.
Ғарб хусийларни огоҳлантирмоқда
АҚШ, Германия ва бошқа давлатлар хусийларни кейинги ҳужумлардан огоҳ бўлишга чақирмоқда. Масалан, АҚШнинг Яман бўйича махсус вакили Тим Лендеркинг Вашингтон Қизил денгиздаги кемаларни ҳимоя қилиш учун кенг денгиз коалициясини қидираётганини айтган. Бироқ хусийлар Ғарб, АҚШ ва Исроил таҳдидларига қарамай, фаластинликларни қўллаб-қувватлашда давом этишини ва Яманга қарши душманлик ҳаракатлари даҳшатли оқибатларга олиб келишини таъкидлашган.
Бироқ бу позиция биринчи навбатда хусийларнинг ўзлари учун катта хавф туғдиради, дейишмоқда кўпчилик. Сабаби, АҚШ бошчилигидаги халқаро ҳарбий алянс билан тўғридан-тўғри тўқнаш келган тақдирда, улар жуда катта талофат кўради. Хусийларнинг асосий иттифоқчиси бўлган Эрон бу ҳолатда қандай йўл тутиши ҳам номаълум. Чунки, бундай вазият Эрон билан келишмайдиган учинчи томонни хусийлар билан бирлашишга олиб келиши мумкин.
К.Бекжонов, ЎзА