Ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Косон туман кенгашининг 2024 йил 11 январдаги VI-98-11-4-60-К/24-сон қарори билан тумандаги пахта ва ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг ер ижара шартномаси бекор қилиниб, ер майдонлари захирага қайтарилиши муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 августдаги Фармонига мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан, прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш мумкин эмас. Бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно.
Ҳолат бўйича Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар ўтказилди.
Ишчи гуруҳи хулосасига асосан халқ депутатлари Косон туман кенгашининг ушбу қарорига нисбатан прокурор назорати ҳужжати қўллашни сўраб Бош прокуратурага мурожаат киритилди.
Ўрганиш натижалари ва масъул ташкилотларнинг хулосаларига кўра масалани адолатли ва ҳуқуқий ечими бўйича амалий чоралар кўрилади.
Бу ҳақда ЎзЛиДеП матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
М.Комилова, ЎзА