Тошкентда “Янги даврда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик” мавзусида гибрид форматда конференция бўлиб ўтди.
Жорий йилда кутилаётган икки томонлама муҳим тадбирларга тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилган ушбу конференцияда Хитой ва Ўзбекистоннинг сиёсий-дипломатик доиралари, етакчи таҳлил марказлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Ўзбекистон-Хитой муносабатлари динамикасига алоҳида тўхталиб ўтди.
– Ҳозирда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар тарихий ривожланишнинг энг яхши даврини бошдан кечирмоқда. Қайси соҳани олмайлик, ҳайратланарли ютуқларга эришмоқдамиз, – деди Элдор Арипов.
Таъкидланганидек, бунга икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган дўстона ва ишончли муносабатлар кўп жиҳатдан туртки бўлди. Биргина ўтган йилнинг ўзида икки давлат раҳбарлари тўрт марта, шахсан ҳамда халқаро платформаларда онлайн форматда учрашди.

Тадбирда сиёсий ирода, ўзаро англашув ва ишонч, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли янги даврда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани эътироф этилди.
Ўтган йили турли соҳаларда алоқаларни ривожлантириш бўйича тегишли беш йиллик дастур имзоланган эди.
10 йил давомида Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш ғояси тараққиёт ва фаровонликка хизмат қилувчи инклюзив ва очиқ ҳамкорлик платформасига айланди. Марказий Осиё мамлакатлари учун “Бир макон, бир йўл” ташаббуси нафақат инфратузилма лойиҳаси, балки глобал қиймат занжирида муҳим бўғинни яратади. Юқори технологияли ишлаб чиқаришга йўналтирилаётган сармоя ва қўшма лойиҳалар минтақа экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Таъкидланишича, шу нуқтайи назардан, Хитой етакчи савдо ва сармоявий ҳамкоримиз сифатида кўрилиши мантиқан жуда тўғри.
Ўтган йилнинг ўн бир ойи якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12 миллиард доллардан ошди. Пекиннинг мамлакатимиз умумий савдо айланмасидаги улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этди.
Яқин беш йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш учун барча асослар мавжуд.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик ҳам барқарор суръатда ривожланмоқда. Хитой инвестицияларининг ўзлаштирилган умумий ҳажми 2017 йилдан буён 5 баробар ошди ва 11 миллиард долларни ташкил этди.
Биргина 2022 йилнинг ўзида икки миллиард доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди. Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида Хитой капитали иштирокида икки мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
ЎзА