Ўлкамизда қиш ҳукм сурмоқда. Айни фаслда гуллар очилиб, қушлар сайраб турган манзарага ҳеч гувоҳ бўлганмисиз?..
Тошкент Ботаника боғи оранжериясига ташриф буюрсангиз, бу мўъжизага ўзингиз гувоҳ бўласиз. Оддий тил билан айтганда, 5-10 метрлик ойнаванд иссиқхона уй ичкарисида баҳор, ёз, куз фаслларининг нафаси уфриб туради. Бу ердаги мўъжизакор яшиллик сизни ўзига мафтун этади.



Ўзбекистон Республикаси Ботаника институти ҳузуридаги академик Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи оранжериясига қадам босишингиз биланоқ ғаройиб оламга кириб қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Сайроқи қушлар хониши сизни ичкарига чорлайди...
Ҳозирда оранжерияда тропик ва субтропик ўсимликларнинг 79 оила, 184 туркумга мансуб 359 та тури сақланиб, улар устида доимий кузатиш ишлари олиб борилади. Бу мўъжаз ойнаванд маконда пальманинг 53 йилдан буён сақланаётган турлари, финик пальмаси – хурмо дарахти, кактусларнинг 23 йилдан буён ўсиб келаётган турларини кўриш мумкин.



Оранжерия 4 бўлимдан иборат.
Биринчи бўлимда асосан кактуслар бўлиб, уларнинг 100 зиёд тури парваришланади. Кактусларнинг 20-30 йилдан буён ўсиб келаётган турлари ҳам бор. Бунга мисол, Кактус Ситирус салкам 30 йилдан буён парвариш қилиб келинмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, кактуслар жуда секин ўсадиган ўсимлик саналади. Шунингдек, Бамбукис дарахти жуда ноёб бўлиб, бўйи ҳозирда 3 метрга етган. Уни асли ватани Ҳиндистон ҳисобланади. Ўсимлик танасига эътибор берсангиз тиканлар билан қопланган. Оранжерияда Агава турлари ҳам мавжуд, улар жуда чидамли ўсимлик ҳисобланиб, совуқ ёки жазирама иссиқ бўладими яшаб кетаверади.



Иккинчи бўлимда ғаройиб пальмаларни кўрасиз. Улар ўз ватанида қандай гуркираб ўсадиган бўлса, бу ерда ҳам шундай яшнаб турганига гувоҳ бўласиз. Яна, банан дарахтини кўришингиз мумкин, у – мўъжизанинг ўзи.
Учинчи бўлимда тош атиргулларнинг ўндан зиёд тури парваришланади. Уларнинг шундай жажжи турлари ҳам бор-ки, гуллари жуда чиройли бўлиб очилади. Кактусни ноодатий ғаройиб турларини ҳам учратасиз. Бу кактус тури йиллар ўтган сайин ўз танаси рангини ўзгартириб бориш хусусиятига эга.



Тўртинчи бўлимда энг ноёб, энг чиройли гуллар ўстирилади. Бу ердаги Эркак қалб гули бир йил мобайнида очилиб турса, Аёл қалб гули икки ой мобайнида очилиб туради. Мушмулла гули 7 йилда гуллайди. Кливия гули бир йил давомида икки марта гуллайди. Тўртинчи бўлимининг ҳар бирида ҳовузлар бўлиб, турли сув ўтлари ўстирилади.


Халқимизда минг бор эшитгандан кўра, бир марта кўрмоқ афзал, деган ҳикмат бор. Оранжерияга келиб, гўзалликдан баҳраманд бўлинг, азиз ватандошлар!..
Ҳуррият Мирзакаримова,
Ботаника боғи
оранжерия раҳбари,
биология фанлари номзоди,
ЎзА