Тошкент шаҳар судида давом этаётган “Док – 1 макс иши” билан боғлиқ суд жараёнида адвокатлар судлов ҳайъатига судланувчилардан бирига тергов давомида қийноқлар қўлланилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил куз ойларида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 макс” ва бошқа дори воситаларининг текширилмаган бир қисми дорихоналарга чиқиб кетиши ортидан 68 нафар гўдак вафот этган эди.
“Док-1 макс иши” доирасида 23 нафар шахс суд олдида жавоб бермоқда.
Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислик қилаётган суд жараёнида адвокатлардан бири судланувчи С.К.га нисбатан тергов пайтида қийноқларга йўл қўйилганини, бунга қонуний баҳо берилишини сўраб судга илтимоснома киритди.
Мазкур илтимоснома кўпчилик адвокатлар ва судланувчилар томонидан қўллаб-қувватланди, айримлари эса унга баҳо берилишини судга ҳавола қилди.
Суд ҳайъати илтимосномани муҳокама қилиш учун маслаҳатхонага кириб чиқди.
Шундан кейин судья Мусо Юсупов илтимоснома кўриб чиқиб, ажрим чиқарилгани, яъни адвокат Раҳматовнинг илтимосномаси қаноатлантирилишини маълум қилди.
Ажримда судланувчи К.С.нинг соғлиги ҳолати юзасидан комиссиявий суд-экспертизаси тайинланиши белгиланди. Экспертиза ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали экспертлари зиммасига юклатилди.
Экспертиза ўтказишда комиссия аъзолари таркибига етакчи эксперт сифатида Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали экспертлари, комиссия аъзолари сифатида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан мутахассислар – шифокор-травматолог, нейрожарроҳ ва бошқа шифокорлар бириктирилиши ажримда акс эттирилган.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/aib1G4BrnNY" title="“Dok-1 maks ishi”: sudlanuvchilarga qiynoqlar qoʻllanilganmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Судланувчига нисбатан тергов пайти қийноқ қўлланилганми ёки йўқми? Бунга экспертиза хулосалари асосида жавоб топилади.
Суд жараёни давом этмоқда.
P.S: Суд ишига оид материалларда, яъни мазкур матнда ҳамда видеода айбсизлик презумпцияси талабидан келиб чиқиб, судланувчиларнинг исми ва фамилияси очиқ келтирилмади.
Норгул Абдураимова,
Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА мухбири