Бугунги мураккаб глобаллашув даври ижодкор зиёлилар, педагоглар, олимлар, умуман, кенг жамоатчиликдан ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси йўлида янада фаол бўлишни талаб этмоқда.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
– Шуҳрат Самариддинович, 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Ҳозирги глобаллашув жараёнида ғарб давлатларида кескин кўзга ташланаётган маънавий таназзул инсоният тарихининг бугунги босқичида юзага келган постмодернизм иллатлари сабаблидир. Бу оламшумул маънавий фожианинг Интернет тармоқлари орқали бизнинг маънавий ҳаётимизда ҳам акс садо бераётгани ёшларимизнинг ахлоқи, миллий қадриятларимизга бефарқликка олиб келадиган жиддий хавфдир. Давлатимиз раҳбари томонидан ўртага ташланган Янги Ўзбекистон миллий ғояси ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш каби улуғ мақсаднинг амалга ошиши ёш авлодда миллий қадриятларни улуғлаш, ватанпарварлик, миллатпарварлик каби инсоний фазилатлар юқори бўлишини тақозо қилади. Маънавий таҳдидларнинг кучайиши жамият мураббийлари бўлмиш мамлакатимиз зиёлилари олдига бир қатор муҳим вазифалар қўяди. Президентимизнинг Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқини тинглар эканмиз, буни янада теранроқ ҳис қилдик.
Нутқда илм-фан, тарбия ва маънавиятга эътиборни кучайтириш давлат ва зиёлиларимизнинг устувор вазифаси бўлиши зарурлиги таъкидланди. Айниқса, Президентимизнинг “Ҳаммамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимизни истардим. Ҳаёт бор экан – жаҳолат ҳам, маънавий таҳдидлар ҳам бўлиши табиийдир. Аммо энг хатарлиси юрт келажагига лоқайдлик, эзгу қадриятларга нисбатан бепарволикдир. Тинч ва фаровон ҳаёт қуриш учун, аввало, одамлар қалбида бир-бирига ҳурмат, халққа, Ватанга меҳр ва ишонч мустаҳкам бўлиши зарур”, деган гаплари ҳар бир миллат фидойиси учун маънавий таҳдидларга қарши ҳаёт-мамот курашига чақириқ бўлиб янгради.
Президент охирги йилларда мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, ютуқлар ҳақида тўхталар экан, моддий жиҳатдан бой бўлиш билан бирга маънавий юксак халққа эга давлатгина ривожланиши борасида ўз фикрларини билдириб, ёш авлодни асраб-авайлаш, "боғча – мактаб – олий таълим” тизимида маънавий-ахлоқий тарбия ишларини кучайтириш бўйича кескин чоралар кўришни бош вазифа қилиб белгилади. Шу йўналишда маданият соҳаси вакиллари, уламолар ва турли соҳа мутасадди раҳбарларини яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.
Йиғилишда маърифатпарвар жадидчи боболаримизнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ҳамда ҳамоҳанг эканлиги ёрқин келажагимиз учун пойдевор бўлиши таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий тарбия масалаларида давлат ва жамиятимиз олдида турган долзарб масалалар ўртага ташланди. Дарҳақиқат, фақат бутун жамият, яъни барчамиз сўзда, фикрда, мафкурада бирлашсак, катта авлод, касб-коридан қатъи назар, том маънода жамият мураббийсига айлансагина, худди жадидлар сингари маърифат йўлида якдил бўлсагина биз олий мақсадларимизга эришамиз.
Президентимиз ёш авлод тарбиясида ижтимоий-гуманитар фанларнинг ўрни, хусусан ўзбек тили ва адабиётининг маънавият асоси сифатидаги мақомига алоҳида тўхталиб, муаллимлар, ижод аҳли ва соҳа олимларини бир ёқадан бош чиқариб, узлуксиз таълим тизимида маънавий-мафкуравий ишларни кучайтириш бўйича мунтазам фаолиятни йўлга қўйиш, санъаткорлар ва киночилар билан ҳамкорликда буюк мутафаккир боболаримизнинг асарларини болаларбоп қилиб тушунтириб берадиган рисолалар, бадиий асарлар, саҳна асарлари ва мультфильмлар яратиш, таржима ишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор топшириқлар бердилар. Ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари ўзбек тилининг ривожи, унинг истиқболи ҳақида алоҳида тўхталиб, бизни анчадан бери кўнглимиздан ўтиб юрган масалаларни ҳам тилга олдилар. Хусусан, ўзбек тилини билиш даражасини баҳолаш бўйича сертификатлаш тизимини жорий этиш, мана шундай сертификатга эга ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўлаш тизимини йўлга қўйиш ҳақидаги қарори бир устоз сифатида мени жуда тўлқинлантирди. Айтиш керакки, мактабларда ёш авлоднинг қалбига ватанпаварлик, жўмардлик, миллатсеварлик сингари туйғуларни сингдираётган ва айниқса, ахлоқ-одобни ўргатаётганлар биринчи навбатда она тили ва адабиёти ўқитувчиларидир. Шу боис ҳам уларнинг обрўсини кўтариш, биринчи навбатда, ўсиб келаётган ёш авлод маънавиятига эътиборни кучайтирса, иккинчи томондан уларнинг ўз фанига масъулиятини оширади.
– Ўзбек тилини тарғиб қилиш бўйича университетда олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталсангиз.
– Ўзбек тилининг халқаро мақомини юксалтириш ва жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини ошириш кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Тилимизнинг софлиги, бойлиги ва борлиги миллатимизнинг бебаҳо миллий ифтихоридир. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши ҳам миллий тилимиз, адабиётимиз ва маданиятимизга бўлган чексиз эҳтиром тимсолидир. Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилганида унинг олдига кўплаб муҳим вазифалар қўйилган. Университет жамоаси зиммасидаги масъулиятни англаган ҳолда, ўзига билдирилган ишончни оқлаш учун тинимсиз меҳнат қилиб келмоқда. Ўтган етти йил мобайнида университетнинг бакалавриат таълим йўналишлари сони 3 тадан 14 тага, магистратура мутахассисликлари сони 5 тадан 12 тага ошди. Қарийб 4000 га яқин мутахассис тайёрланди. Улар бир неча тилларни эгаллаган, мафкуравий тобланган, сиёсий етук ёшлар бўлиб, асосий кўпчилиги халқ таълими тизимида катта ғайрат билан фаолият юргизмоқда.
Дунёнинг 170 дан ортиқ университетлари ва илмий, маданий муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари асосида яқиндан фаолият олиб борилмоқда. 300 дан ортиқ хорижлик профессорлар университетдаги дарсларга жалб этилди, 843 та хорижлик талаба таҳсил олди.
Ўз навбатида университетнинг 200 дан ортиқ талабаси академик алмашув доирасида хорижнинг нуфузли таълим муассасаларида бўлдилар, 300 дан ортиқ профессор-ўқитувчиларимиз хорижда малака оширдилар.
Университет ташаббуси ва бевосита иштирокида Хитой, Буюк Британия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда Ўзбек тили ва маданияти марказлари ҳамда ўзбек тили курслари фаолияти йўлга қўйилди.
Ўзбек тилини ўрганишга бўлган хорижликларнинг қизиқишларини инобатга олиб, 2022 йилда университет ҳузурида хорижликларга ўзбек тили ва маданиятини ўргатувчи “Ўзбек мактаби” фаолият бошлади. Ушбу марказда 300 дан ортиқ хорижликлар миллий тилимизни турли даражаларда ўрганишди ва ҳозирда ҳам ўрганиб келишмоқда. Ушбу марказ томонидан “Ўзбек тили хорижликлар учун” А1, А2 даражалар учун дарсликлари яратилди ва кейинги даражалар учун мўлжалланган дарсликлар устида ишланмоқда.
– Президент раислигида ўтказилган йиғилиш юзасидан университет жамоаси томонидан қандай вазифалар белгилаб олинмоқда?
– Биринчи навбатда ёшлар ўртасида маънавий-ахлоқий ишларнинг реал амалий натижаларига қаратилган дастур қабул қилдик. Эндиликда университетимиз профессор-ўқитувчилари республика маънавият ва маркази билан яқин ҳамкорликда мактаб ва маҳаллаларда олиб борилаётган маърифий суҳбатлар ва дарсларни юқоридаги тарихий йиғилишда белгилаб берилган вазифалар асосида олиб борадилар. Жиддий эътибор интернет тармоқлари, хусусан ютуб каналида маърифий видеороликларни йўлга қўйишга қаратилади.
Фурсатдан фойдаланиб, шуни ҳам айтиш жоизки, хорижда яшовчи ватандошларимиз орасида ўзбек тилини ўргатиш орқали бугунги Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс ғояларини сингдириш масаласи ҳам олдимизда турган маънавий-мафкуравий ишларимизнинг таркибий қисмини ташкил этади. Ўзбек диаспоралари мавжуд АҚШ, Корея Республикаси, Россия федерацияси ва бошқа кўплаб мамлакатларда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказларини очишни режалаштирмоқдамиз. Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини ошириш бўйича ҳам бошлаган тизимли ишларимизни давом эттирамиз.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети халқ орасида миллат ва маънавият университети сифатида ном чиқарганидан ғурурланамиз. Шу билан бирга, ёш авлоднинг маънавий тарбияси, давлатимиз раҳбарининг халқчил сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш ишларида масъулиятимиз ҳар қачонгидан кўра жиддий ортганини яхши ҳис этиб турибмиз. Айниқса, 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да биздан ёш авлоднинг ахлоқий тарбияси, мафкуравий тарбиясида жиддий амалий ишлар кутилади. Миллий ғурури баланд, юртимиз тарихини пухта биладиган, миллий қадриятларимизга содиқ мутахассисларимиз билан бирга Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган эзгу ислоҳотларда олдинги сафда бўлиш ва бор куч-ғайратимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишга, Учинчи ренессанс пойдеворини яратишга сарфлашни ўз бурчимиз, деб ҳисоблаймиз.
ЎзА мухбири Н.Усмонова суҳбатлашди.