2023 йилнинг сўнгги кунларида қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати дунёнинг энг кучли ақл соҳиблари салоҳиятини яна бир карра намойиш этди. Ўзбекистон шахмат бўйича иқтидорлар юрти эканини яна бир бор жаҳон аҳлига эслатиб қўйди.
Жаҳон чемпионати мусобақаларини ёритиб борган юзлаб оммавий ахборот воситаси, интернет тармоқлари, теледастурларда ўн кун мобайнида “Ўзбекистон”, “Самарқанд” номлари, тасвирлари, юртимизнинг бетакрор манзалари бот-бот намойиш этилиши, турли тилларда жаранглаб туриши қалбимизга чексиз ифтихор ҳисларини жо этди.
Поёнига етган мазкур жаҳон чемпионати мамлакатимиз спорт ҳаётида қандай из қолдирди? Мусобақаларда иштирок этган мамлакатимиз шахматчиларининг қанчаси халқаро гроссмейстерлик талабларини бажарди? Ушбу жаҳон чемпионатининг аҳамияти яна қайси жиҳатларда ўз аксини топди? Ўзбекистон шахматчиларининг ортда қолган йилда кўрсаткичлари қандай бўлди-ю, янги йилдаги режалари нималардан иборат бўлади?
Умуман, юртимизда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада юксалтириш борасида яна қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида етук мутахассис, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Баҳодир Умрзоқов билан суҳбатлашдик.
Суҳбат давомида яна икки йилдан кейин юртимизда ташкил этиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик ишлари, Ўзбекистон шахмат энциклопедияси яратилаётгани, шунингдек миллий қадриятларимиз бўлган халқ ўйинларининг спорт турларига айланиш жараёнлари мавзуларида фикр юритилди.
Суҳбатнинг тўлиқ вариантини ЎзАнинг Youtube канали орқали кўришингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_2jlOE2Xmbk" title="Bahodir Umrzoqov: Samarqandda oʻtkazilgan jahon chempionati aql sohiblari salohiyatini namoyish etdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Тўлқин Рўзиев, Аброр Содиқов (видео), ЎзА мухбири