Муносабат
Маълумки, юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири саналади. Шу боис, ҳар йили аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тасдиқланган дастурларни амалга ошириш, бўш ва квоталанадиган иш ўринларига ишга жойлаштириш механизмларини такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда.
Хусусан, аҳолининг ишчанлик фаоллиги ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, ижтимоий заиф қатламлар бандлигини таъминлаш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти, сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Манзилли ишлар натижасида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш, камбағалликка тушиш хавфи мавжуд бўлган 4,5 миллион аҳоли даромадини ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, меҳнатга лаёқатли аҳоли, шу жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг барқарор ва самарали бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 7 фоизгача тушириш, 2 миллион нафар фуқарони касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш режа қилинган. Касбга ўқитиш марказларидаги 1,6 минг нафар ўқитувчининг халқаро стандартлар асосида малакасини ошириш, бу жараёнда хусусий сектор улушини 30 фоизга етказиш белгиланган.
Албатта, белгиланган режаларга эришишда аниқ мақсад ва ҳаракатлар муҳим роль ўйнайди. Шу боис, куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида мутасадди раҳбарларнинг аҳоли бандлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартиришга оид таклифлари кўриб чиқилди.
Расмий статистик маълумотларга кўра, айни вақтда юртимизда ишсиз аҳоли сони 1 миллион 300 минг нафарни ташкил қилмоқда. Бу йил яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келиши кутиляпти. Шуларни инобатга олиб, сифатли ва юқори даромадли иш ўринлари ҳисобига жорий йилда 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.
Жумладан, хизматлар соҳасида 2,5 миллион, қишлоқ хўжалигида 2,1 миллион, инвестиция лойиҳалари ва саноатда 250 минг, қурилишда 140 минг иш жойи яратиш имконияти бор. Бундан ташқари, замонавий молиявий инструментлар, жумладан, микромолиялашнинг янги тизимини кенг жорий қилиш орқали 2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Аҳолининг бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиниши эса, яна юзлаб қўшимча иш ўрнилари яратиш имконини беради.
Шу боис, йиғилишда кейинги йилларда ўзини ўзи банд қилган 2 миллион 400 минг аҳолининг фаолиятини кенгайтириш, босқичма-босқич кичик бизнесга ўтказиш ва бозор топишига кўмаклашиш, бунинг учун “Менинг бизнесим” платформаси, “Бизнесга биринчи қадам” банк карталари жорий этилиши маълум қилинди.
Шу билан бирга, иқтисодий айланмага киритилмаган ерлар инфратузилмага уланиб, “Агрегатор” тизими асосида “100 минг экспортчи деҳқон” дастури жорий қилинади. Бунинг учун 2024 йилда 15 минг гектар ер майдонлари аукционга чиқарилади. Қишлоқ хўжалигида яратилаётган ҳар бир иш ўрни ва ўзлаштиришга киритилган ҳар бир сотих ер майдони фақатгина аҳоли бандлигини таъминлаб қолмасдан, бозорлар тўкин сочин бўлиши, иқтисодий барқарорлик ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, камбағаллик даражасини қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши муҳим омил саналади. Шу боис, кейинги йилларда аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яхшилаш мақсадида 30 га яқин турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат ташкилотлари томонидан 60 дан ортиқ ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди.
"Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳам ушбу ташаббуслар давом эттирилиб, тадбиркорлардан олинадиган 34 турдаги ҳисоботлар бекор қилинмоқда. Бунинг натижасида ҳар йили 21 мингдан ортиқ тадбиркорнинг 500 миллион сўм харажати тежалади. Шунингдек, тадбиркорларга мажбурий талабларни қисқартириш мақсадида 16 та лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади.
Умуман олганда, “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, юртимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар амалга оширилишида муҳим фундаментал йил бўлиб қолади.
Музафара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА