“Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Тошкент шаҳри истеъмолчиларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сувларни тозалаш билан боғлиқ ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 97,7 фоизни ташкил этмоқда.
Аҳолини сифатли ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш баробарида унинг ортиқча сарфини камайтириш, аҳолида истеъмол маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2023 йилда Тошкент шаҳрида ичимлик суви йўқотилиши 32 фоизни ташкил этган. Бу борада, яъни тоза ичимлик суви исроф бўлишининг олдини олиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу йўқотишнинг таъминотчи корхонага тааллуқли қисмини камайтириш мақсадида ичимлик сувини тозалаш иншоотларида фильтрлаш ашёси (кварс қуми)дан сеолитга ўтказиш бошланган. Бунинг натижасида технологик сув сарфи 3 баробар камайиб, йилда 15,7 миллион метр-куб сувни тежашга эришилади. Ўз навбатида, умумий ичимлик суви йўқотилиши 6 фоизга қисқарар экан.
– Чилонзор сув тақсимлаш иншоотидаги резервуар қурилиши якунланиши, Сергели ва Олмазор сув резервуарларини таъмирлаш тармоқлардаги ортиқча босим ва сув йўқотишларни камайтиради ҳамда 1,2 миллион кВт электр ва 3,1 миллион метр-куб сув тежалади, – дейди "Тошкент сув таъминоти" МЧЖ ахборот хизмати раҳбари Равшан Ёқубжонов. – Ушбу ишларни амалга ошириш учун 130 миллиард сўм талаб этилади. Франция СУЭЗ компаниясининг “Тошкент шаҳар сув таъминоти трансформацияси режаси” лойиҳаси асосида тизимни рақамлаштириш орқали сув йўқотиш даражаси 12 фоизга қисқартирилади (55,2 млн. метр-куб сув тежалади). Шунингдек, ҳар йили белгиланган режа асосида эскирган тармоқларнинг янгиланиб борилиши ҳам ичимлик суви сарфини камайтиради.
Маълумотларга кўра, 2023 йил бошидан 53,4 миллиард сўм маблағ эвазига 38,7 км ичимлик суви ва 20,9 км оқова сув тармоқлари қурилган. Натижада 23 мингдан зиёд аҳоли ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати билан таъминланган. Шунингдек, 32 км ичимлик ва 1,8 км оқова сув тармоқлари капитал таъмирланган.
Ичимлик суви тармоқларини мавсумга тайёрлаш бўйича жами 66 та йирик диаметрли ёпқич, 6 та затвор ва 13 та клапан алмаштирилган.
Соҳада қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш юзасидан Жамиятнинг Миробод туманидаги маъмурий биноси томига 100 кВт/соатли, Бўзсув сув иншоотига 40 кВт/соатли қуёш панеллари ўрнатилган.
Жанубий сув иншоотидаги янги 3 та қудуққа 30 кВтли насослар ўрнатилиб, 300 кВтли электр генератори билан таъминланган.
Қайд этилишича, ташкилот фаолиятини яхшилаш, белгиланган режа ва лойиҳаларни амалга оширишга истеъмолчиларнинг йиғилиб қолган қарздорлиги ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Ана шу жиҳатларни инобатга олиб, қарздорликни ундириш бўйича қатъий чоралар амалга оширилмоқда.
Равшан Ёқубжоновнинг таъкидлашича, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ дебитор қарздорлиги жорий йил 25 сентябрь ҳолатига 250,7 миллиард сўмни, 28 ноябрь ҳолатига эса 149 миллиард сўмни ташкил этади. Кўрилган чоралар натижасида қарздорлик 101,7 миллиард сўмга қисқартирилган.
Дебитор қарздорликни қисқартириш чора-тадбирлари доирасида қарзини тўлашни истамаган 11 071 та абонент ичимлик суви тармоғидан узилган. 23 023 та қарздор (67,4 миллиард сўм) абонент бўйича Савдо- саноат палатасига ариза билан мурожаат қилинган, 3767 та ҳолат (51,6 млрд.сўм) бўйича судга даво аризаси киритилган.
Шунингдек, тадбирда давлат раҳбарининг қарорлари ижроси, қўшма лойиҳалар, “ақлли” сув ўлчагичлари, тизимни модернизация қилиш, бошқарувни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш ҳамда янги оқова сув тозалаш иншоотлари ҳақида маълумот берилди.
ОАВ вакиллари соҳага оид саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири